“Локомотив” ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов учун мавсум омадли бошланди.
“Локомотив” мавсум бошидан бери ўзи иштирок этаётган мусобақаларда шу пайтгача жами 11та учрашув ўтказиб, шундан 7тасида ғалаба қозонди, бир марта дуранг қайд этиб, учта учрашувда имкониятни бой берди.
Ўзбекистон Суперкубоги, Осиё чемпионлар лигаси ҳамда Суперлига баҳсларини қўшиб ҳисобланганда Темурхўжа Абдухолиқов ҳозирча 8та гол уришга муваффақ бўлди. У Суперкубокда битта, ОЧЛда 2та ва Суперлигада 5та тўп киритди.
Қизиғи шундаки, Абдухолиқов охирги бешта турнинг ҳаммасида рақиблар дарвозасига тўп киритди. У навбати билан “Навбаҳор”, “Андижон”, АГМК, “Бухоро” ва “Қизилқум” дарвозаларини ишғол этди. Эслатиб ўтамиз, “Локо” ҳужумчиси 2016 йилги мавсумнинг “Энг яхши тўпурари” бўлган. Ўшанда Темурхўжа ички чемпионатда 22та гол урганди.