Бу – учинчиси

Кеча “Локомотив” Суперлиганинг 6-турида ғалаба қозонди.

“Локо” футболчилари Тошкентда “Қизилқум”ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида зафар қучишди. Бу ўйинда Жамшид Искандеров, Ислом Тўхтахўжаев ҳамда Темурхўжа Абдухолиқов томонидан киритилган голлар “темирйўлчилар”га навбатдаги уч очкони тақдим этди.

Қизиғи шундаки, бу ўйин Темурхўжа Абдухолиқов билан Ислом Тўхтахўжаев учун биргаликда гол урган учинчи учрашув бўлди. Эсингизда бўлса, “Локомотив” ОЧЛ 1-турида “Ал Ваҳда”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган ва ўша ўйинда ҳам Абдухолиқов билан Тўхтахўжаев гол уришганди.

Кейинчалик Суперлиганинг 4-турида “Локо” АГМКдан 2:1 ҳисобида устун келди ва бу ўйинда рақиб дарвозасига киритиш яна Темурхўжа билан Исломга насиб этди. Мана энди кеча “Қизилқум”га ҳам шу икки футболчи гол уришга муваффақ бўлди. Шундай қилиб бундай омадли юриш учинчи марта юз берди.