“Локомотив”дан АПРЕЛЬ якунлари

Футбол бўйича ушбу мавсум ҳам борган сари қизғин паллага кириб бормоқда. Қуйида “Локомотив”нинг апрель ойида ўтказган ўйинлари хусусида фикр юритамиз.

“Темирйўлчилар” ўтган ойда олтита баҳсда майдонга тушишди. Жамоа икки бор Осиё чемпионлар лигасида иштирок этган бўлса, тўрт марта Олий лигада кураш олиб борди.

“Локомотив”нинг апрель ойидаги ўйинлари:

1

Олий лига. 6 апрель. “Шўртан” – “Локомотив” – 2:0

2
ОЧЛ. 11 апрель. “Локомотив” – “Истиқлол” – 1:1

3
Олий лига. 15 апрель. “Локомотив” – “Насаф” – 2:1

4
Олий лига. 21 апрель. “Пахтакор” – “Локомотив” – 1:2

5
ОЧЛ. 25 апрель. “Локомотив” – “Ал Таавон” – 4:4

6
Олий лига. 29 апрель. “Локомотив” – “Обод” – 7:0

Бўлиб ўтган ўйинларда “Локомотив” уч марта ғалаба қозониб, икки бор дуранг ўйнади ва битта учрашувда мағлуб бўлди. “Локо” футболчилари мана шу олтита беллашувда 16та гол уриб, ўз дарвозаларидан 9та тўп ўтказиб юборишди.

Жамоанинг 16 голига қуйидаги футболчилар муаллифлик қилишди:

Марат Бикмаев – 9 гол
Жалолиддин Машарипов – 3 гол
Мурод Бобожонов – 2 гол
Сардор Мирзаев – 1 гол
Икром Алибоев – 1 гол

Ойнинг эътиборга молик воқеалари:

– “Локо” ҳужумчиси Марат Бикмаев ўтган ойда 9та гол уришга эришди. У олий лигада 5та, Чемпионлар лигасида тўртта гол уришга муваффақ бўлди.

– “Локомотив” кетма-кет икки ўйинда Олий лиганинг икки кучли жамоасини бир хил ҳисоб билан мағлуб этди. Уйда “Насаф”, сафарда “Пахтакор” 2:1 ҳисоби билан мағлуб этилди. Ҳар иккала учрашувда киритилган тўрт голга Бикмаев муаллифлик қилди.

– Афсуски, ОЧЛда иккита ўйин ўтказган “Локомотив” иккаласида ҳам дуранг қайд этди. Аввалига “Истиқлол” билан 1:1 ўйналган бўлса, кейин “Ал Таавон”га қарши баҳс 4:4 натижаси билан якун топди.

– Апрелнинг охирги кунларида “Локомотив” ўз майдонида “Обод”га қарши баҳс олиб бориб, 7:0 ҳисобида зафар қучди. Ва бундай натижа “Локо” тарихида иккинчи бор қайд этилди. “Темирйўлчилар” биринчи марта 2015 йил “Сўғдиёна”ни айнан шу ҳисоб билан мағлуб этишганди.

– Ва ниҳоят қишки мавсумда жамоамиз сафига келиб қўшилган Мурод Бобожонов “Локо” либосида ўз голлари сонини очишга муваффақ бўлди. У “Обод” билан кечган беллашувда иккита гол уришга эришди. Унга кейинги ўйинларда ҳам омад тилаб қоламиз.

– 29 апрель куни бўлиб ўтган беллашувда жароҳат олган икки футболчимиз Саламат Қутибоев ва Шуҳрат Муҳаммадиев яна сафга қайтишди. Бунгача Қутибоев охирги марта “Шўртан” билан ўйинда, Муҳаммадиев эса Эронда “Истиқлол”га қарши майдонга тушганди.

– Бу йил ҳисобидан Маъмур Икромов биринчи марта “Локо” дарвозасини қўриқлади. У “Обод” билан ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Қолаверса, пенальти қайтаришга муваффақ бўлди.