Эркин Саидов: 2017 йилда қўлга киритадиган ютуқларимиз олдингиларидан янада залворлироқ бўлсин

Қадрли футбол мухлислари, азиз “Миллионлар ўйини” ишқибозлари! Мана секин-аста 2016 йил ҳам якунланиб бормоқда. Бир неча соатдан сўнг янги – 2017 йил кириб келади.

“Локомотив” футбол клуби вакиллари Янги Йил байрами муносабати билан сиз – азиз ишқибозларга байрам табриклари тайёрлашди. Жумладан, “Локомотив” футбол мактаби директори Эркин Саидов ҳам қуйидагича байрам табригини йўллади.

Хурматли футбол жамоатчилиги аҳли! Мен сизларни ва бутун мамлакатимиз аҳолисини Янги Йил шодиёнаси билан чин қалбдан муборакбод этаман. Ҳаммага янги йилнинг омад-у бахт олиб келишига тилакдошман. 2016 йилда мен фаолият олиб бораётган “Локомотив” футбол клуби улкан муваффақиятларга эришди. Ютуқлар нафақат катталар жамоасида, балки ёшлар жамоамизда ҳам қўлга киритилгани мени беҳад шод этди. Бир қатор ёш тоифасидаги жамоаларимиз хорижда ўтказилган мусобақаларда зафар қучишга ва мамлакатимиз довруғини янада ёйишга эришишди. Бундан жуда-жуда қувондим. Ишонаман ва умид қиламанки, 2017 йилда қўлга киритадиган ютуқларимиз олдингиларидан янада залворлироқ бўлади. 2017 йил ҳаммага фақат яхши онлар тақдим этсин, – дейди тажрибали мутахассис.