Осиё чемпионлар лигаси. Эртага 1/4 финал босқичига қуръа ташланади

Эртага Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида Осиё чемпионлар лигасининг 1/4 финал ўйинларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Бунда 1/4 финал жуфтликлари ҳамда кимнинг қайси санада ўйинларни ўтказиши маълум бўлади.

ОЧЛда қитъанинг кучли саккизта жамоаси қолди: “Ғарб” минтақасидан тўртта ва “Шарқ”дан тўртта. “Ғарб” – “Локомотив” (Ўзбекистон), “Ал Жайиш” (Қатар), “Ал Наср” ва “Ал Айн” (ҳар иккаласи БАА). “Шарқ” – “Шандонг Луненг”, “Шанхай SIPG” (иккаласи Хитой), “Сеул” ва “Чонбук Моторс” (ҳар иккаласи Жанубий Корея).

ОЧЛ регламентига биноан “Шарқ” ва “Ғарб” клублари то финалгача бир-бирларига қарши тўқнаш келишмайди. Бундан келиб чиқадики, “Локомотив”нинг 1/4 финалдаги рақиби яна “Ғарб” минтақасидан бўлади: “Ал Жайиш”, “Ал Наср” ёки “Ал Айн”. Чорак финалнинг дастлабки учрашувлари 23-24 август, жавоб баҳслари эса 13-14 сентябрь кунларига мўлжалланган.

Эртанги қуръа ташлаш маросимига жамоамиздан вакил сифатида “Локомотив” ПФК халқаро бўлим ходими Бахтиёр Исмоилов Малайзияга йўл олган.