“Уз-Донг-Жу”ни мағлуб этган “Локомотив” эътиборини “Бухоро”га қаратади

Кеча “Локомотив” ТТЙМИ стадионида Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал жавоб учрашувини ўтказди. Андижоннинг “Уз-Донг-Жу” клуби билан кечган баҳсда “темирйўлчилар” ўта йирик 9:0 ҳисобида ғалаба қозонишди ва чорак финалга йўл олишди.

Эсингизда бўлса, биринчи ўйинда “Локо” 4:1 ҳисобидаги ғалаба билан сафардан қайтганди. Жавоб беллашувида ҳам “темирйўлчилар” рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Мазкур учрашувда Иван Нагаев учта тўп киритган бўлса, Қувондиқ Рўзиев, Дониёр Усмонов, Икром Алибоев, Сардор Мирзаев, Тимур Кападзе ҳамда Темурхўжа Абдухолиқов ўз ҳисобларига биттадан гол ёзиб қўйишди.

Энди “Локомотив” Ўзбекистон Кубогининг чорак финалида “Машъал”га қарши баҳс олиб боради. Бунда биринчи ўйинлар 5-6 июлга, жавоб беллашувлари эса 8-9 июлга белгиланган. “Локо” “Машъал” билан кечадиган дастлабки учрашувни сафарда ўтказади.

11 июнь куни эса “Локомотив”ни яна бир муҳим учрашув кутиб турибди. Шу куни “темирйўлчилар” ўз майдонларида “Бухоро”ни қабул қилишади. Олий лига турнир жадвалида “Локомотив” 28 очко билан биринчи, “Бухоро” эса 18 очко билан 6-ўринда бормоқда. Олий лиганинг 11-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Бухоро” баҳси ҳам ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтади ва ўйин 19:00да бошланади.