Ярим ҳимоячи Икром Алибоев “Сеул” клубига ўтди.
Икром Алибоев 2013 йилда “Локомотив”даги дебют ўйинини ўтказганди. Шундан буён у ўтган 6 мавсум давомида 97 ўйинда жамоамиз шарафини ҳимоя қилди ва унда 11 гол киритди.
“Жакарта-2018” Осиё ўйинларида ўзининг ажойиб ўйинлари билан Ўзбекистон термасининг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшган Икром “Сеул” клуби ва кореялик мухлисларнинг назарига тушди.
Ёш ва ғайратли футболчи 2019 йилнинг 1 январида эътиборан янги жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
“Сеул” футболчиси бўлганимдан хурсандман. Бу ернинг стадиони, инфратузилмаси, клуб тарихи ажойиб. “Сеул”дагилар меҳмондўстлигидан мамнунман. Менга қадар Сервер Жепаров бу клубда яхши натижалар қайд этганини биламан. Бу клубда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан”, – деди Алибоев.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Икром Алибоевнинг кейинги фаолиятига омад тилаймиз.