“Сўғдиёна” – “Локомотив”. Ўзаро учрашувлар тарихи

PEPSI Суперлигасининг 18-тури доирасида “Локомотив” Жиззахда “Сўғдиёна” жамоаси меҳмони бўлади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур жамоаларнинг ўзаро учрашувлари ҳамиша қизиқарли ва сермаҳсул тарзда кечиб келади.
“Сўғдиёна” ва “Локомотив”нинг ўзаро илк учрашуви 2004 йилда ўтказилган. Ўшанда ЖАР стадионида кечган беллашувда “темирйўлчилар” жамоаси 3:0 ҳисобида зафар қучишган. Умумий ҳисоблаганда мазкур икки клуб миллий чемпионатларимиз тарихида шу пайтгача 21та ўйин ўтказишган. Ўзаро беллашувларнинг 16тасида “қизил-яшиллар” ғалаба қозонган. Жиззахликлар эса фақат 2 бор зафар қучишган. Яна 3та ўйин дуранг билан якунланган.

“Локо” футболчилари ушбу рақиб дарвозасини умумий ҳисобда 54 марта ишғол этишган ва ўз дарвозасидан 11та гол ўтказиб юборишган. “Локомотив”нинг “Сўғдиёна” устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 7:0ни ташкил этади.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, “Локомотив” бугунги рақибига сўнгги марта 2008 йилда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Ўшандан буён “Локо” ҳеч бир ўйинда “Сўғдиёна”га имкониятни бой бермай келмоқда. Демак, “Сўғдиёна” “Локомотив”ни 10 йилдан буён мағлуб эта олмаяпти.

Факт: “Локомотив” сафарда ўтган сўнгги 5 учрашувининг 3тасида ғалабага эришган.
“Сўғдиёна” ўз майдонида ўтказган сўнгги 5 ўйинининг фақатгина биттасида 3 очколик бўлган.