Андрей Микляев:  “Локомотив” Доҳадан 3 очко олиб кетиш ниятида

Бугун Доҳадаги “Абдуллоҳ бин Ҳалифа” стадиони матбуот анжуманлари залида “Ал Дуҳаил” – “Локомотив” учрашуви олдидан ҳар икки жамоа устозлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. 

Унда Андрей Микляев жамоа сардори Садриддин Абдуллаев ҳамрохлигида иштирок этди:

– Эртага бизни жуда мураккаб ўйин кутиб турибди.  Рақиб жамоа ҳақида фақат ва фақат илиқ фикрлар билдириш мумкин.  Улар ҳужумкор ва мазмунли ўйин намойиш этишмоқда.  Шу боисдан ҳам “Ал Дуҳаил” билан баҳс осон кечмаслиги тайин.  Лекин биз ҳам Доҳага 3 очко қўлга киритиш мақсадида ташриф буюрганмиз.  Рақиб қанчалик кучли бўлмасин,  “Локомотив” ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга уринади.  Таркибимизда маҳоратли футболчилар талайгина.  Ишончим комил,  эртага майдонга тушадиган ҳар бир футболчимиз ўзининг бор имкониятини ишга солади.  Умид қиламанки,  ўйиндан сўнг хуш кайфиятда уйга йўл оламиз,  – деди тажрибали мутахассис. 

zoxir akramxonov zohirbek

– “Ал Дуҳаил” – “Локомотив” баҳси қизиқарли тарзда кечишига аминман.  Ҳар иккала жамоа ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишади.  Мухлислар зерикиб қолишмайди,  деб ўйлайман.  Ўтган турда кутилмаганда имкониятни бой бериб қўйдик.  Бу сафар ғалаба қозонишимиз шарт.  Зеро олдимизда гуруҳдан чиқиш ва мусобақадаги иштирокни давом эттириш вазифаси турибди,  – деди маҳоратли футболчи.