ОФК: Кападзе Чемпионлар Лигаси совринини қўлга киритиш истагида

Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси сардори Тимур Кападзе ўзининг кишини ҳайратга сола олувчи совринлар жамланмасига Осиё Чемпионлар Лигаси ғолиблик медалини қўшиш учун вақт етганини яхши билади ва у ушбу турнир ярим финалида тўртинчи бор иштирок этишга яқин турибди.

35 ёшли Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Осиё чемпионлар лигаси ярим финалларида уч марта иштирок этиб, ҳозирча финал баҳсида майдонга тушгани йўқ.

Лекин бу ҳам рекорд натижа. Бироқ у “Локомотив” билан 13 сентябрь куни бўлиб ўтадиган “Ал-Айн”га қарши жавоб учрашувида ғалаба қозониб, ОЧЛдаги рекордини янгилашни мақсад қилган.

“Ёшроқ пайтимда, ўйинларда мағлуб бўлсак, мен ўзимда ҳозиргидек босимни ҳис қилмасдим”, – дейди жамоаси билан “Ал-Айн”га қарши чорак финалнинг биринчи ўйинида сафарда 0:0 ҳисобини қайд этган футболчи.

“Ҳозир эса мен жамоа сардориман, ёшим ҳам жамоадошларимдан каттароқ ва ҳозир менда босим ҳар қачонгидан юқори. Чунки бу мен учун сўнгги имконият бўлиши мумкин. Мен бу ҳақда доим ўйлайман. Ҳозир ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ, мана шу совринни ютишни истайман. Ёшлик пайтимда доим бунга ҳали улгураман, яна имкон бўлади, деб ўйлардим. Ҳозир эса ундай дея олмайман.

“Бу менга ёқадими-йўқми, футболда ёш ўз сўзини барибир айтади. Аммо бу жамоавий ўйин, индивидуал эмас. Агар бу яккакураш бўлганида, рақибга қарши нима қилиш ҳақида ўйлашимнинг ўзи етарли бўларди. Бироқ футболда мен жамоадошларим ҳақида ҳам ўйлашим, улар билан доим ҳисоблашишим керак. Фақат ўзим ҳақимда ўйлашга ҳаққим йўқ. Футболда энг муҳими – жамоа.

“Локомотив” Осиё Чемпионлар Лигаси учун янги жамоа. Бу унинг чорак финаллардаги илк иштироки. Бу ергача яна етиб кела оламизми, йўқми, билиб бўлмайди. Шунинг учун жамоа сардори сифатида мен йигитларга доим таъкидлайман: “Шу ергача етиб келишга яна имкон бўладими? Буни ҳеч биримиз билмаймиз. Шунинг учун бу имкониятни қўлдан чиқариб бўлмайди”.

Кападзе турнирнинг сўнгги босқичларида мағлубият аламини тотиб кўриш нима эканини яхши билади.

Кападзе 2003 йилги мусобақанинг ярим финалида Таиланднинг “Бек Теро Сасана” клубига мағлуб бўлган “Пахтакор” аъзоси эди. Бир йил ўтиб у ушбу жамоа билан яна шу босқичга етиб бориб, “Сеонгам”га мағлуб бўлганди.

2008 йилда эса у “Бунёдкор” футболчиси сифатида ярим финалга қадар етиб борган. Ўшанда унинг жамоаси Австралиянинг “Аделаида Юнайтед” клубига мағлуб бўлганди. Вақт ўтиб боряпти ва Кападзе учун қитъанинг клублар миқёсидаги энг нуфузли турнир шоҳсупасига чиқиш учун имкон ҳам тугаб боряпти.

“Энг аламли мағлубият “Бек Теро Сасана” билан ўйинда бўлганди. Чунки улар биздан кучли эмасди”, – дейди 2003 йилги ярим финални эсга олган Кападзе. “Биз сафар ўйинида бор-йўғи бир нечта хатога йўл қўйгандик. Уйда эса уларни мағлуб этишга ҳам эришганмиз. Бироқ тўплар нисбатига кўра улар финалга йўл олган”.

“Аделаида”га қарши “Бунёдкор” сафидаги ўйинимни ёдга оладиган бўлсам, улар ҳам ўша вақтда биздан кучли эмасди, деб айта оламан. Бироқ биринчи ўйинда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлгандик ва бу жавоб ўйинида имкониятларимиз жуда кам қолганини англатарди”.

Ўша мағлубиятлар 10 карра Ўзбекистон чемпиони ва 2011 йилги Осиё чемпионати ярим финалчиси ҳисобланган Кападзенинг ОЧЛ ғолиби бўлиш истагини янада ошишига хизмат қилди.

“Бу турнирда Ўзбекистоннинг учта клуби сафида иштирок этдим. Ҳар бир футболчи Чемпионлар лигасида ўйнашни истайди. Ўзбекистон клубида бўладими, Амирликлар ёки Саудия клубими, фарқи йўқ. Ҳар қандай клуб ҳам бундай катта турнирда иштирок этишни хоҳлайди.

“Мен “Пахтакор” ва “Бунёдкор” билан ушбу турнир ярим финалида ўйнадим ва энди “Локомотив” сафида ҳам ижобий натижага эришишга интиляпман. Бу биз учун жуда катта натижа”.

“Чемпионлар Лигасида кучсиз жамоанинг ўзи бўлмайди. Унда иштирок этаётган клублар ўз мамлакати чемпионлари ёки кубок соҳибларидир. Шунинг учун ҳам бошқа турнирлар билан бу мусобақанинг фарқи жуда катта. Бу ерда ҳар бир ўйин финал каби ва сен ўзингнинг энг яхши ўйинингни кўрсатишга ҳаракат қиласан”, – дейди Тимур Кападзе.

ОФК расмий сайтидан таржима.

ФОТО: Lagardère Sports

Манба: the-uff.com