“Локомотив” бу йилги Осиё чемпионлар лигасини 20 февраль куни бошлайди. “Темирйўлчилар” Саудия Арабистонида “Ал Таавон” меҳмони бўлишади.
Жамоа ОЧЛ регламентига кўра бугун ўйин бўлиб ўтадиган стадионда бир соатлик машғулот ўтказди. Унгача эса куннинг бошқа тадбирлари ташкил қилинди.
Дастлаб биз истиқомат қилаётган меҳмонхонада ҳар иккала клуб вакиллари ҳамда учрашув расмийлари иштирокида митинг бўлиб ўтди. Бунда баъзи ташкилий масалар ҳамда эртанги ўйинда кимнинг қайси формада тўп тепиши аниқлаб олинди.
Демак, “Локомотив” “Ал Таавон” билан кечадиган баҳсда қизил рангли, рақиб жамоа эса сариқ рангли футболкаларда ўйнайди. Учрашув маҳаллий вақт билан 18:40да (Тошкент вақти билан 20:40) старт олади.
Митингдан сўнг ўйинолди матбуот анжумани ташкил қилинди. Бунда дастлаб меҳмонлар иштирок этишди. “Локомотив” бош мураббийи Андрей Микляевга 33-рақамдаги футболчимиз Олег Зотеев ҳамроҳлик қилди.
Андрей Геннадьевич саволларга жавоб қайтарар экан, “Локомотив” яна бир бора Саудия Арабистонига ташриф буюрганидан мамнун эканлигини айтиб ўтди.
“Биз бу ерга неча марта келган бўлсак, ҳар сафар илиқ таассуротлар билан қайтганмиз. Умид қиламанки, бу сафар ҳам шундай бўлади. “Ал Таавон” Осиё чемпионлар лигасида биринчи бор иштирок этмоқда, улар бундан хурсанд эканликлари турган гап”.
“Биз эртага шу йил ҳисобидан биринчи расмий учрашувни ўтказамиз ва ўйин қандай кечишини олдиндан айтиш қийин. Саудия чемпионатида мавсум айни қизғин паллага кирган, бизда эса чемпионат ҳали бошлангани йўқ. Лекин биз бу ҳақда ўйлаётганимиз йўқ, чунки бу ерга ижобий натижа билан қайтиш мақсадида келганмиз”.
“Ал Таавон”ни яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилдик. Уларнинг охирги иккита учрашувини диққат билан кузатиб чиқдик. Жамоа яхши ҳолатда. Биз мавсумга тайёргарликнининг асосий қисмини дастлаб Дубайда, кейин Анталияда олиб бордик. Йигитлар эртанги ўйинга тайёр” – дея айтиб ўтди Андрей Микляев.
Журналистлардан бири Олег Зотеевга қуйидаги савол билан мурожаат қилди: “Саудияда футболчилар тезкор ва техникаси зўр, Ўзбекистонда эса жисмонан кучли футболчилар кўп. Бу ҳақда нима дея оласиз?”
Ушбу саволга жавобан Зотеев қуйидаги фикрни билдирди: “Ўзбекистонда ҳам техник томонлама маҳоратли футболчилар кўп, хусусан бизнинг жамоада ҳам бундай футболчилар етарлича топилади. Агар ишонмасангиз, эртага ўйинимизни кўринг ва бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз”.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Ал Таавон” бош мурабиийи Константин Галса ва жамоа сардори Талаб Али Абси қатнашди. Руминиялик мураббий бўлажак баҳс ҳақида фикр билдирар экан, кўп нарса омадга боғлиқлигини айтиб ўтди.
“Ўзбекистонда мавсум ҳали бошланмаганини биламиз. Бу биз учун яхшими? Тўғриси, бир нарса дейишим қийин. Чунки баъзи жамоалар биринчи расмий ўйиндаёқ ижобий натижа кўрсата олишади. “Локомотив”да ҳамма нарса бор: куч, тезлик ва рақибга нисбатан босим. Очиғи, бу жамоани ҳурмат қилиш лозим”.
“Албатта, эртанги баҳс биз учун жуда муҳим. Чунки клуб тарихида илк бор Осиё чемпионлар лигаси ўйинини ўтказамиз. Футболчиларимиз бўлажак учрашувни интиқлик билан кутишмоқда. Биз янги тарих яратишга ҳаракат қиламиз”.
“Менда эртанги ўйинга оид бир қатор режалар бор: учрашувни А планда бошлаймиз ва ўхшамаса B, C режаларга ўтамиз. Албатта, Осиё чемпионлар лигасида омад туфайли қатнашяпмиз ва гуруҳдаги барча рақибларни ҳурмат қиламиз. “Локомотив”, “Ал Аҳли”, “Истиқлол” – булар Осиёда номи чиққан клублар ҳисобланади. Лекин, биз ҳам ўзимизни кўрсатишни хоҳлаймиз”, – дейди “Ал Таавон” бош мураббийи.
Матбуот анжуманига якунига етгач, орадан кўп ўтмай “Локомотив” ўйин бўладиган стадионга йўл олди. Жамоанинг ўйинолди машғулоти қизғин кечди. Барча футболчилар бор куч билан ҳаракат қилишди. Барчанинг эътибори Саудия Арабистонидан уч очко билан қайтишга қаратилган. Бир сўз билан айтганда, “Локомотив” бўлажак ўйинга тайёр ва насиб қилса ғалаба қозонган ҳолда Тошкентга қайтамиз.
“Локомотив” ПФК матбуот хизмати.
19 февраль, Бурайда, С.Арабистони.