“Локомотив” Анталияда. Ўн тўртинчи кун. Иккинчи хориж йиғини тугади, эртага уйга қайтамиз

Янги мавсумга тайёргарликнинг муҳим босқичларидан бирини Анталияда ўтказган “Локомотив” икки ҳафта ичида тўртта ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

“Темирйўлчилар” дастлаб Туркманистоннинг “Олтин Аср” клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этишди. Иккинчи учрашувда Босния ва Герцеговинанинг “Сараево” клуби билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйналди.

Кейинги икки беллашувда эса жамоамиз имкониятни бой берди. “Локомотив” Қозоғистоннинг “Ордабаси” клубига 1:2, ва охирги ўйинда Украинанинг “Заря” клубига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Албатта, ўртоқлик учрашувларидан кўзланган мақсад жамоанинг мавсумга тайёргарлигини кўздан кечириб олиш бўлгани учун бунда натижа катта роль ўйнамади. “Локомотив” бугун “Заря”га қарши тўп сурди.

Учрашувнинг биринчи тайми “Локо” устунлигида кечди. Жамоамизда икки-уч бор гол уриш имконияти юзага келди. Танаффусдан сўнг эса ташаббус кўпроқ украинлар томонида бўлди. 84-дақиқада “Заря” футболчиси Артем Сухоцкий тўп киритиб ҳисобни очди. Ва якунда бу гол охиригача сақланиб қолди.

Умуман олганда, иккинчи хориж йиғини ҳақида гапирадиган бўлсак, Туркиядаги машғулотлар яхши савияда кечди. Футболчиларимиз ҳар бир машғулотда тер тўкиб меҳнат қилишди. Энди буёғига “Локомотив”ни жуда қизиқарли ва узоқ мавсум кутиб турибди. Жамоамиз бу йил ҳам ўзи иштирок этадиган ҳар учала мусобақада (Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон Кубоги ва Осиё чемпионлар лигаси) биринчи ўринни қўлга киритиш мақсадида кураш олиб боради.

Бунинг учун жамоамизда куч ва салоҳият, шунингдек иқтидорли футболчилар етарли. “Темирйўлчилар” олдида турган бирламчи вазифа 20 ва 27 февраль кунлари бўлиб ўтадиган “Ал Таавон” ҳамда “Ал Аҳли” билан кечадиган ўйинларда ижобий натижа қайд этиш ҳисобланади. Бу борада жамоамизга омад тилаб қоламиз.

Ўртоқлик учрашуви. 12 февраль
ЛОКОМОТИВ – ЗАРЯ 0:1
Гол: Артем Сухоцкий, 84.

“Локомотив” таркиби:
Маъмур Икромов
Салим Мустафоев (Фаррух Иброҳимов, 72)
Шерзод Файзиев (Муҳаммад Коне, 65)
Кахи Махарадзе
Ислом Тўхтахўжаев
Тимур Кападзе
Қувондиқ Рўзиев (Саламат Қутибоев, 46)
Олег Зотеев (Шуҳрат Муҳаммадиев, 65)
Сардор Мирзаев (Диёр Туропов, 65)
Жалолиддин Машарипов
Мурод Бобожонов (Марат Бикмаев, 46)