ОЛИЙ ЛИГА. “Локомотив” муҳим ўйин арафасида

Бугун олий лиганинг 12-тур баҳсларига старт берилади. Эртага эса “Локомотив” ўзининг навбатдаги баҳсини ўтказади. “Темирйўлчилар” Қаршида “Насаф” меҳмони бўлишади.

Олий лига, 12-тур. 16 июнь
НАСАФ – ЛОКОМОТИВ

Бош ҳакам: Ҳасан Рўзиев
Бошланиш вақти: 20:00

Турнир жадвалидаги ўрни: “Локомотив” 1-ўринда (31 очко), “Насаф” 3-ўринда (24 очко)
Очколар орасидаги фарқ – 7 очко.

Таъриф: 12-турнинг марказий учрашуви. Бу жамоалар ўртасидаги баҳс ҳар доим мухлислар эътиборида бўлиб келган. “Локомотив” ички чемпионатда мағлубиятсиз одимламоқда ва ушбу ёқимли анъанани “Насаф” билан ўйинда ҳам давом эттиришга ҳаракат қилади. “Локомотив” футболчилари кеча Тошкентдаги охирги машғулотни ўтказиб, бугун эрталаб Қаршига йўл олишди. Айни пайтда жамоа аъзолари Қашқадарё вилоят марказида бўлиб туришибди. Жамоа эртанги ўйинга тайёр.

Факт: “Локомотив” ҳозиргача сафар ўйинларида олти марта иштирок этиб, шундан бештасида зафар қучди. Жамоа сафарда “Навбаҳор” (3:2), “Андижон” (3:1), “Шўртан” (2:0), “Обод” (2:0) ҳамда “Қўқон-1912″ (3:1) клубларини мағлуб этди ва “Сўғдиёна” билан (1:1) дуранг ўйнади. “Насаф” эса ўз майдонида олтита беллашувда майдонга тушиб, шундан бештасида ғалабага эришди ва бир марта дуранг қайд этган. “Насаф” ўз уйида “Шўртан” (2:1), “Обод” (1:0), “Қўқон-1912″ (1:0), “Андижон” (3:0) ва “Қизилқум” (2:0) жамоалари устидан зафар қучган ҳамда “Бунёдкор” билан (1:1) дуранг ўйнади.

Биласизми? “Локомотив” олий лига жамоалари орасида сафарда энг кўп гол урган жамоа бўлиб турибди: 14та. Бу борада иккинчи ўрин “Шўртан”га тегишли. Ғузорликлар сафар беллашувларида 10 марта тўп киритишган. Учинчи ўринда эса “Бунёдкор” 9та гол билан бормоқда.