“Локомотив” ПФК ЎФА матбуот хизматидан тушунтириш сўрайди

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайтида (www.ufa.uz) “Самвел Бабаян “Бунёдкор” кафиллиги остида ЎФА Ижроқўми томонидан афв этилган” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Бунда маълум муддат танаффусдан сўнг шу йилнинг 26 февраль санасидан бошлаб “Локомотив” профессионал футбол клуби Президент маслаҳатчиси сифатида иш бошлаган Самвел Бабаяннинг ўзбек футболидан четлатилгани ҳамда кейинчалик ЎФА Ижроқўми ишни кўриб чиқиши натижасида яна қайтарилгани ҳақида гап борган.

Хабар билан тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин

www.ufa.uz/uz/2019/02/27/samvel-babayan-bunyodkor-kafilligi-ostida-ofa-ijroqomi-tomonidan-afv-etilgan

“Локомотив” ПФКнинг эътирозига сабаб бўлган жумла эса хабар охирида келтирилган. Унда шундай дейилади: “ЎФА бундан буён Самвел Бабаян Ўзбекистоннинг ҳеч қайси терма жамоасида фаолият юритишига йўл қўймайди. Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди”.

Бундан буён Самвел Бабаяннинг ҳеч қайси терма жамоада ишлашига йўл қўймаслиги бу ЎФАнинг масаласи, бунга клуб аралаша олмайди. Лекин нима сабабдан хабар “Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди” деган гап билан тугаган, “Локомотив” ПФК шунисига ҳайрон.

Охирги гапда “Кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига…” деган жойини қандай тушуниш керак? Бу “Локомотив” Бабаянсиз ўз фаолиятини тасаввур қила олмайди деган маънони беряптими? Ёки Бабаянсиз жамоа йўқ демоқчими? Маълумки, “Локомотив” футбол клуби шу пайтгача уч марта Ўзбекистон миллий чемпионати, уч марта Ўзбекистон Кубоги ҳамда икки бор Ўзбекистон Суперкубогида ғолибликни қўлга киритган ва буларнинг бирортасида Самвел Бабаяннинг қўли бўлмаган.

Бундан кўриниб турибдики, клуб шу пайтгача Самвел Бабаянсиз ҳам ўз мақсади йўлида давом этган ва бугунги кунга келиб “Локомотив” ПФК раҳбарияти таклифига биноан ўзбек футболидаги етук мутахассислардан бири Самвел Вячеславович клуб ривожига янада ҳисса қўшсин деган яхши ниятлар билан клуб Президенти маслаҳатчиси лавозимига қабул қилинди.

Гапнинг очиғи, хабар билан танишиб чиққан “Локомотив” ПФК раҳбариятига охирги жумла ёқмади. “Локомотив” яққол бир кишининг шахсий клуби эмас. Бу “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга тегишли ташкилот ҳисобланади ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳомийлиги остида турли мусобақаларда иштирок этади. Қолаверса “Локомотив” қайсидир шахссиз тасаввур қилиб бўлмайдиган клуб ҳам эмас. Ўтган йиллар ичида қанча одам ишлаб кетди, лекин поезд мудом ўз темирйўли устида юргани каби “Локомотив” ҳам ўзи танлаб олган йўл бўйича одимлашда давом этмоқда.

ЎФА расмий сайтида келтирилган хабардан келиб чиққан ҳолда “Локомотив” ПФК раҳбарияти ЎФА матбуот хизматидан охирги жумла учун тушунтириш беришни сўрайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра ҳар бир инсон касбий фаолият юритиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтади.

“Локомотив” ПФК матбуот хизмати.

screenshot_11