Хабарингиз бор, 23 февраль куни ўзбек футболи тарихида бешинчи бор Ўзбекистон Суперкубоги ўтказилди.
“Пахтакор” марказий стадионида кечган баҳсда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Локомотив” ўтган мавсум Кубокни қўлга киритган АГМКга қарши баҳс олиб борди. Бу ўйинда “Локомотив” 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихида иккинчи бор Суперкубок соҳибига айланди.
Шу куни “Локомотив” сафида ғалабани нишонлаган Олег Зотеев учун бу Суперкубокдаги учинчи ютуқ бўлди. Зотеев уч марта Суперкубокда иштирок этиб, ҳар учаласида ғолиб чиққан Ўзбекистондаги ягона футболчи бўлиб турибди. У илк бор 2014 йил “Бунёдкор” таркибида Суперкубокни қўлга киритган ва орадан бир йил ўтиб “Локомотив” таркибида шундай ютуққа сазовор бўлган.
Мана энди бу йил “Локомотив” билан иккинчи бор, ўз фаолиятида эса учинчи марта Суперкубок соҳиби бўлди. Ушбу рекорд билан Зотеевни табриклаб қоламиз.
“Локомотив” ПФК матбуот хизмати.