Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “темирйўлчилар” бош мураббийи Андрей Фёдоров ҳамда жамоа футболчилари иштирок этишди.
Андрей Фёдоров: – Мураббийлик фаолиятимда биринчи марта Суперкубок ўйинида қатнашаман. Бу баҳс йиғинлардаги синов-назорат ўйинларидан фарқ қилади. Кўп жиҳатлар бироз бошқачароқ, қарашлар, принциплар ўзгача бўлади. Шу боисдан барчаси эртага майдонда ҳал этилади.
Олег Зотеев: – Эртага Ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз. Мавсумни яхши бошлаш ниятидамиз. Энг яхши натижалар ҳар доим футболчига аъло кайфиятни тақдим қилади.
Ислом Тўхтахўжаев: – Ўйинга юқори даражада ҳозирлик кўришга ҳаракат қилдик. Мавсумдаги илк катта ўйинни ўтказиш учун жамоа тайёр деб айта оламан.
Азиз Ҳайдаров: – Нега “Локомотив”ни танладим? Бунга Анзур катта туртки бўлди. У менга жамоани тавсия қилди. Бу жамоанинг ўйинлари менга жуда маъқул келди. Қайтганимдан жуда хам ҳурсандман. “Локомотив”да боримни бериб ҳаракат қилмоқчиман.
Жамшид Искандеров: – Сўнгги мавсумлар давомида “Локомотив” чиройли ўйинларни кўрсатди ва ҳақли равишда чемпион бўлди. “Пахтакор” билан шартномам тугаганидан кейин “Локомотив”дан ажойиб таклиф бўлди. Музокаралардан кейин клубга ўтишга рози бўлдим. Бу ўйин мен учун жуда муҳим. “Пахтакор” стадиони уйимдек бўлиб қолган. Шу боисдан эртага чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Тимурхўжа Абдуҳолиқов: – Эртанги ўйин жуда муҳим. Суперкубок – мавсум бошланиши олдидан жуда керакли ўйин. Бу орқали биз соврин ютиб олишимиз мумкин. Асосийси, биринчи ўйинни ғалаба билан бошлашимиз керак. Айтишадику, илк ўйин қандай бўлса, мавсум ҳам шундай ўтади, деб. Шу боисдан фақатгина ғалаба учун майдонга чиқамиз. АГМК – яхши жамоа. Аммо Ғалаба биз учун жуда муҳим.
Сардор Мирзаев: – Суперкубокда бир марта ютганман. Албатта, бу жуда зўр бўлган. Бироқ ғалабалар қанчалик кўп бўлса, одамга шунчалик манзур келади. Шу боисдан ҳам биз иккинчи марта Суперкубокни ютишга ҳаракат қиламиз.
Анзур Исмоилов: – Ҳа, тўғри. Ҳали Суперкубокда ўйнамаганман. Бу биринчиси бўлади. Шу боисдан ушбу ўйинда ғалаба қозониб, яна бир совринни қўлга киритмоқчиман.