“Локомотив” бугун чемпионлик масаласини ҳал этиши мумкин

Бугун Самарқандда Олий Лига-2017 мавсумининг энг ҳал қилувчи учрашувларидан бири бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон чемпионлиги унвонини сақлаб қолишга жуда-жуда яқин турган “Локомотив” “Динамо” жамоаси меҳмони бўлади.

Диққатга сазовор жиҳати шундан иборатки, “Локомотив” ушбу учрашувда ғалабага эришиш орқали мавсум якунланишига 1та тур қолганида муддатидан аввал чемпионлик унвонига эга чиқади. Бу орқали “темирйўлчилар” кетма-кет иккинчи йил Олий Лига етакчилигини сақлаб қолган бўлишади.

Таъкидлаш жоизки, “Динамо” ҳамда “Локомотив” жамоалари миллий чемпионатларимиз доирасида шу пайтга қадар 23 марта ўзаро тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлардаги натижаларда ҳозирча тенглик: Яъни ҳар икки жамоа ҳам 10 мартадан ғалабага эришган, 3та учрашувда эса дуранг қайд этилган. Бугунги беллашувда ғалаба қозонадиган клуб ўзаро ўйинлар тарихида рақибидан ўзиб кетишга муваффақ бўлади.

Oliy Liga DINAMO - LOKOMOTIV UZB

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, “Динамо” сўнгги бор “Локомотив”дан ўз уйида 2013 йилда устун келган. Ўшанда самарқандликлар 1:0 ҳисобида зафар қучишган эди. Шундан сўнг “Локо” ушбу рақибга умуман ютказмай келмоқда.