“Олмалиқ” – “Локомотив”: Ўзаро учрашувлар тарихи ҳақида

Хабарингиз бор, Олий Лиганинг 19-тури қолдирилган ўйинида “Локомотив” “Олмалиқ” майдонига сафар уюштиради. Қизиқарли тарзда ўтиши кутилаётган мазкур ўйин олдидан ушбу икки жамоанинг ўзаро учрашувлари тарихи ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Қайд этиш жоизки, “Локомотив” ҳамда “Олмалиқ” жамоалари шу пайтга қадар миллий чемпионатларимиз доирасида 17 бор баҳс олиб боришган. Ўзаро ўйинларда яққол устунлик “темирйўлчилар” жамоаси томонида.

“Локомотив” футболчилари “Олмалиқ”ни 11 марта мағлуб этишнинг уддасидан чиқишган. 3 та ўйинда рақибга имконият бой берилган. Яна 3 та беллашув дуранг билан якунланган.

olmaliq-lokomotiv-futbol

Вакилларимиз олмалиқликлар дарвозасини шу пайтгача 39 бор ишғол этишган ва 20 марта ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишган. Диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, “Локомотив” футболчилари “Олмалиқ”қа қарши ўтган сўнгги 5та ўйинда 20та гол уришга муваффақ бўлишди.

Яна бир маълумот шундан иборатки, жамоаларнинг Олий Лига-2017 биринчи даврасида ўтказилган учрашувида ҳам мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони йирик ҳисобда зафар қучганди. 4-тур доирасида ўтган ўша беллашувда вакилларимиз 5:0 ҳисобида ғалабага эришишганди. Ушбу ғалаба “Локомотив” учун “Олмалиқ” устидан қозонилган энг йирик ҳисобдагиси бўлиб турибди.