Хабарингиз бор, бугундан олий лигада 26-тур ўйинларига старт берилди.
Мусобақа жадвалида етакчилик қилиб келаётган “Локомотив” бу гал “Бухоро” уйига сафар қилди ва кутилмаганда мағлубиятга учради. Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Локо” устози Андрей Микляев қуйидагиларни таъкидлади:
– “Бухоро” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Бугун стадионга келган ишқибозлар ажойиб ўйин гувоҳига айланишди. Бундай томошабоп ўйинлар сони ортса чемпионатимиз янада қизиқроқ ўтарди.
Иккинчи бўлимда катта ташаббусга эга бўлган бўлсак-да яратилган қулай вазиятларни голга айлантира олмадик. Биринчи бўлимда эса кутилмаган голлар ўтказиб юбордик. Ўйинчиларимиз кейин вазиятни ўнглашга уринишди. Лекин “Бухоро”нинг мустаҳкам ҳимоясини ёриб ўтишга фақат бир марта муваффақ бўлдик, холос.
Таъкидлаб ўтаман, биз ҳали чемпион бўлганимизча йўқ! Чемпионлик томон одимлаяпмиз, лекин ҳали олдинда ўйинлар бор, – дейди тажрибали мутахассис.