Азиз футбол ишқибозлари. Бироз олдин хабар берганимиздек, бугундан “Локомотив” жамоаси аъзолари сони яна бир нафарга ортди.
Биласиз, клуб брендини янада оммалаштириш борасида “Локомотив”нинг аҳил жамоаси самарали фаолият олиб бормоқда. Натижада, “темирйўлчилар” жамоасига мухлислик қиладиган аудитория борган сайин ортиб бормоқда.
Бугундан “Локомотив”нинг ишқибозлари сони санъатсеварлар ҳисобига янада ортса ажаб эмас. Зеро бироз аввал ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи – Нилуфар Усмонова “Локомотив” билан трансфер келишувига эришди. Клуб қароргоҳига ташриф буюрган элимиз ардоғидаги санъаткор стадион ва клуб билан яқиндан танишгач, унга 21-рақамли футболка рамзий тарзда топширилди.
Эндиликда “Локомотив” иштирокидаги учрашувларда Нилуфар Усмонова ҳам тўп суради. У мазкур ҳамкорликнинг йўлга қўйилганидан мамнун эканини таъкидлаб, “темирйўлчилар”нинг ушбу мавсумда ҳам янада улкан муваффақиятларга эришишига ишонишини таъкидлади.