Биласиз, Ўзбекистон чемпиони – “Локомотив” янги мавсум тайёргарликлари доирасида илк хориж йиғинини БААнинг Дубай шаҳрида ташкил этди. 8 январдан бошланган йиғин кеча якунига етди ва жамоамиз Тошкентга қайтиб келди.
Икки ҳафта давом этган йиғин мобайнида “Темирйўлчилар” 2 бор синов-назорат баҳсида майдонга тушишди. Дастлаб Саудия Арабистонининг “Ал Қодисия” клубига қарши, сўнгра Россиянинг “Зенит” жамоаси билан ҳам 0:0 ҳисобида дуранг ўйналди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур йиғин давомида таркибда бир қатор ўзгаришлар ҳам юз берди. Мисол учун, илгари жамоамиз шарафини ҳимоя қилган футболчилар – Сервер Жепаров, Темурхўжа Абдуҳолиқов ва Санжар Шоаҳмедовлар бошқа жамоалар сафига йўл олишган бўлса, йиғинга Кот-д’Ивуарнинг энг истеъдодли ёш футболчиларидан бири дея эътироф этилаётган Жуниор Ахиссан Лэндри келиб қўшилди.
Шу тариқа жамоамиз аъзоларига қисқа таътил берилди. Терма жамоа йиғинига таклиф олган футболчилар эса бош жамоа ихтиёрига жўнаб кетишди. Машғулотлар эндиликда 25 январ санасидан пойтахтимизда давом эттирилади. Унда Садриддин Абдуллаев ҳамда жамоамизнинг янги аъзоси Мурод Бобожонов ҳам иштирок этади.