2016 йилнинг энг эсда қолган 17та ўйини фотосуратларда (1-қисм)

Мана 2017 йилни ҳам бошлаб олдик. Якунига етган футбол мавсуми “Локомотив” учун жуда сермаҳсул келди. Жамоа ўз тарихида илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлган бўлса, иккинчи марта Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди.

Шунингдек, “темирйўлчилар” тарихда биринчи марта Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалига қадар етиб боришди. Айни пайтда жамоа аъзолари янги мавсумга тайёргарлик олиб боришмоқда. Жамоа 8 январь куни илк хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Дубайга учиб кетади.

Ўтган мавсум “Локо” учун эсда қоладиган ўйинлар кўп бўлди. Биз мана шу ўйинлардан 17тасини алоҳида танлаб олган ҳолда фотосуратлар орқали яна бир бор эсга олишни лозим топдик. Қуйида биринчи давранинг энг кўп эсда қолган, мухлисларимизни янада жунбушга келтирган 9та ўйинини келтириб ўтамиз.

Осиё чемпионлар лигаси. 2-тур
“Ал Иттиҳод” – “Локомотив” 1:1

“Локомотив” учун сафарда “Ал Иттиҳод” билан кечган ўйин жуда катта аҳамиятга эга бўлганди. Жидда шаҳрида 1:1 ҳисоби қайд этилган ўйинни 40 мингга яқин мухлис бевосита стадионда кузатиб борган, учрашув анча шиддатли кечганди.

Ўшанда аввалига мезбонлар Салли Мунтарининг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишади. Кейинчалик эса 80-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов пенальтидан гол уриб ҳисобни тенглаштирган ва жамоасига муҳим бир очкони тақдим этганди.

photo_2017-01-04_14-48-14 photo_2017-01-04_14-48-30 photo_2017-01-04_14-48-39 photo_2017-01-04_14-48-47 photo_2017-01-04_14-49-02

Олий лига. 1-тур
“Навбаҳор” – “Локомотив” 2:3

“Локомотив” олий лигани сафарда “Навбаҳор”га қарши баҳс билан бошлади. Чемпионатнинг илк учрашуви бўлгани боис йигитларда бироз ҳаяжон сезилиб турганди. Шундай бўлдики, “Навбаҳор” ҳужумчиси Александр Пишур пенальтидан ҳисобни очади ва ҳатто майдон эгалари шу ҳисоб билан танаффусга чиқиб кетишади.

Танаффусдан кейин эса гол уриш навбати “темирйўлчилар”га келади. Аввалига Сардор Мирзаев иккита тўп киритиб, дублга эришади. Орадан кўп ўтмай Санжар Шоаҳмедов ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб қўяди. Ўйин охирларида эса Мўйдин Мамазулумов томонидан киритилган гол ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Натижада жуда қийин ғалаба қўлга киритилади.

img_3467 img_3836 img_4105

Осиё чемпионлар лигаси. 3-тур
“Сепахон” – “Локомотив” 0:2

Бу ўйин жуда кучли ёмғир остида бўлиб ўтгани ҳамда “Локомотив”нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ёдда қолган. Маълумки, Эрон клубларига қарши сафарда тўп суриш анча қийин. Аммо “темирйўлчилар” Марат Бикмаев ва Сардор Мирзаев томонидан киритилган голлар эвазига зафар қучишни уддалашади. Эсингизда бўлса, Тошкентда кечган жавоб ўйинида ҳам бу рақибни мағлуб этганмиз. Темурхўжа Абдухолиқовнинг ягона голи “Локо”га 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этганди.

photo_2017-01-04_14-58-04 photo_2017-01-04_14-58-34 photo_2017-01-04_14-58-49

Олий лига. 3-тур
“Локомотив” – “Нефтчи” 4:0

“Локомотив” миллий чемпионатдаги дастлабки уй учрашувини “Нефтчи”га қарши ўтказади ва 4:0 ҳисобида ғалабага эришади. Албатта, ҳар бир мусобқада очилиш ўйини муҳим аҳамият касб этади, чунки бунда мухлислар фақат ва фақат ғалаба кутишади. “Нефтчи” билан ўйинда Бикмаев дублга эришган бўлса, Абдухолиқов билан Махарадзе ўз ҳисобларига биттадан гол ёзиб қўйишганди.

img_0012 img_0227

Осиё чемпионлар лигаси. 5-тур
“Ал Наср” – “Локомотив” 1:1

Осиё чемпионлар лигасидаги яна бир сафардаги муҳим бҳаслардан бири. Бу гал “Локо” олдида гуруҳдаги энг жиддий рақиб – “Ал Наср” турганди. Дубайда кечган беллашувда 1:1 ҳисоби қайд этилади. Бунда ҳам дастлаб мезбонлар ҳисобни очишади. Биринчи тайм охирларида эса Темурхўжа тўп киритиб ҳисобни тенглаштиради. Натижада ўйин 1:1 ҳисобида якунига етади ва “темирйўлчилар” муҳим бир очкога эга чиқишади.

photo_2017-01-04_15-01-55 photo_2017-01-04_15-02-08 photo_2017-01-04_15-03-06 photo_2017-01-04_15-03-12

Олий лига. 9-тур
“Локомотив” – “Пахтакор” 1:0

Пойтахт дербиси мақомига эга беллашувда “Локомотив” ўз майдонида “Пахтакор”дан 1:0 ҳисобида устун келганди. Мазкур баҳсни кузатиш мақсадида ТТЗдаги “Локомотив” стадионига кўплаб ишқибозлар ташриф буюрган, ўйин тақдирини эса Темурхўжа Абдухолиқовнинг ягона голи ҳал қилганди.

img_2863 img_2934 img_3629 img_3745

ОЧЛ. 1/8 финал. Жавоб учрашуви
“Локомотив” – “Ал Ҳилол” 2:1

“Локомотив”нинг ўтган йил ОЧЛдаги энг эсда қолган ўйини. Бунгача на “Пахтакор” ва на “Бунёдкор” Саудия Арабистонининг энг кучли клуби “Ал Ҳилол”ни ўз майдонида мағлуб эта олмай келаётганди. Аммо “Локомотив” плей-офф босқичида бу жамоа билан сафарда 0:0 ўйнайди, ўз майдонида эса 2:1 ҳисобида зафар қучади. Шу куни “Локо” ҳимоячилари – Ислом Тўхтахўжаев билан Шерзод Файзиевнинг голлари жамоамизга чорак финал эшигини очганди.

img_0423 img_0748 img_0806 img_1068

Олий лига. 12-тур
“Насаф” – “Локомотив” 1:2

Олий лиганинг 12-турини сафарда ўтказган “Локомотив” “Насаф”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этади. Бу ўйинда жамоамиз тўпурари Абдухолиқов дублга эришади. Ўйин жуда қизиқарли ва курашларга бой тарзда кечганди. Биласиз, “Насаф” майдонидан уч очко билан қайтиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Аммо “Локо” ўтган йил буни уддалай олди.

dsc_0025 dsc_0214 dsc_0226

Олий лига. 14-тур
“Металлург” – “Локомотив” 3:3

Биринчи давранинг охирги учрашувларидан бири. 2015 йилги мавсумда “Локо” “Металлург” билан иккала ўйинда ҳам дуранг қайд этганди: сафарда 0:0, уйда 1:1. Ўтган йил Бекободга сафар уюштирган жамоамиз яна дуранг қайд этади. Қизиқарли кечган баҳс 3:3 ҳисобида якун топади. Агар ўйин охирида Ислом Тўхтахўжаев жарима зарбасини моҳирона амалга оширмаганида “Локо” шу куни мағлубиятга учраши ҳам мумкин эди.

img_3802 img_5015 img_5158