Меҳр – кўзда. «Локомотив» ПФК бемор болаларга совғалар улашди (ФОТО)

Бугун 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни! Бугун шунингдек, ёз фаслининг биринчи куни.

Бугунги байрам муносабати билан “Локомотив” ПФК вакиллари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги Республика онкология илмий маркази болалар бўлимига ташриф буюришди. Ташрифдан кўзланган мақсад, бемор болакайларга совғалар улашиб, уларнинг кўнглини кўтариш эди.

Футбол қироли Пеле фаолиятини тугатаётиб бежизга “Болаларни асранг!” демаган. Зеро, болалар бизнинг келажагимиздир. Хабарингиз бор, муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2016 йил – “Соғлом она ва бола йили” дея эълон қилинди. Шу муносабат билан ҳам касалхонага ташриф айни муддао бўлди.

Республика онкология илмий маркази болалар бўлимида даволанаётган болажонларни “Локомотив” ПФК бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов, Тимур Кападзе, Иван Нагаев, Маъмур Икромов, Сергей Прохоров, Олег Зотеев, Темурхўжа Абдухолиқов, Садриддин Абдуллаев каби футболчилар, жамоа маъмури Бахтиёр Исмоилов ҳамда Улуғбек Усмонхўжаев, шифокор Аброр Пирриев ҳамда массажчи Абдураҳим Саримсоқовларнинг кутилмаган ташрифи жуда хурсанд қилди.

Бемор болакайларни шунингдек, таниқли сўз устаси Шукрулло Исроиловнинг ҳам ўз совға-саломлари билан келгани тўлқинлантириб юборди. “Локомотив” ПФКнинг мазкур ташрифидан касалхона шифокорлари, у ерда даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналари жуда мамнун бўлишди.

“Локомотив” ПФК матбуот хизмати