ОЧЛ. “Ал Иттиҳод” – “Локомотив” ўйинига оид фактлар

Бугун “Локомотив” Осиё чемпионлар лигаси 3-тур учрашувини ўтказади.

“Қирол Абдуллоҳ” стадионида кечадиган баҳс Тошкент вақти билан 22:45да старт олади. Қуйида мазкур учрашувга оид баъзи фактларни келтириб ўтамиз.

– Ҳар икки жамоа бунгача ўзаро икки бор тўқнаш келган бўлиб, иккала баҳс ҳам 1:1 ҳисобида якун топган. Бу 2016 йилги ОЧЛ гуруҳ ўйинларида рўй берган.

– “Ал Иттиҳод”нинг ўтган турда “Ал Ваҳда”га 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериши жамоа учун қаторасига тўртта ўйинда ғалаба қозониш имкониятини йўққа чиқарди. “Ал Иттиҳод” 2012 йил кетма-кет 4та учрашувда зафар қучганди.

– “Ал Иттиҳод” бунгача ўзбек клубларига қарши 14 марта баҳс олиб бориб, шундан фақат иккитасида мағлубиятга учраган. Бундан ташқари бу жамоа қаторасига 7та ўйиндан бери Ўзбекистон клубларига ютқазмай келмоқда.

– “Қирол Абдуллоҳ” стадионида кечган охирги баҳсда 1:1 қайд этилган. Салли Мунтарининг ҳисобни очган голига Темурхўжа Абдухолиқов пенальтидан тўп киритиб жуда чиройли жавоб қайтарган.

– Рақиб сафида энг сермаҳсул футболчи Карлос Вильянуэва бўлиб турибди. У аввалги иккита ўйинда 7 бор хавфли вазият яратди.

– “Ал Иттиҳод” Саудия чемпионатида 13-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа охирги учрашувда “Ал Батин”ни қабул қилиб 4:1 ҳисобида зафар қучди.

– “Локомотив”нинг аввалги турда Доҳада мағлубиятга учраши жамоанинг охирги тўрт ўйиндаги дастлабки мағлубияти бўлди.

– Доҳадаги баҳсда Диёр Туропов томонидан киритилган гол “Локомотив”нинг ОЧЛда қаторасига 6та учрашувда рақиблар дарвозасини ишғол этишини таъминлади.

– “Локомотив” бунгача Саудия Арабистони клубларига қарши 8 бор ўйнаб шундан биттасида ғалаба қозонган. Бу 2016 йил ОЧЛ 1/8 финалида содир бўлган. Ўшанда жамоа Тошкентда “Ал Ҳилол”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.

– Дастлабки икки тур статистикасига кўра Сардор Мирзаев “Локо” таркибида энг кўп аниқ пас берган футболчи бўлиб турибди. Унинг тўп узатишлари 81,6 фоизга аниқ чиққан.