Кубок финали олдидан матбуот анжумани ташкил этилди

Биласиз, эртага Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон кубоги-2016 финал беллашуви бўлиб ўтади. Финалда “Локомотив” “Насаф”га қарши баҳс олиб боради.

Бугун ҳар икки жамоа устозлари иштирокида ўйинолди матбуот анжумани ташкил этилди. Унда “Локо” бош мураббийи Андрей Микляевга футболчимиз Олег Зотеев ҳамрохлик қилди.

– Эртанги баҳсда ижобий натижага умид қиляпмиз. Биз бекорга бу босқичга қадар етиб келмаганимизни исботламоқчимиз. Биласиз, “Насаф” билан яқиндагина ўйнаган эдик. Ўшанда қийинчилик билан ғалаба қозонгандик. Бу сафар ҳам рақибдан устун келишга уринамиз.

Афсуски таркибда йўқотишлар йўқ эмас. Жепаров терма жамоа ихтиёрида жароҳат олган. У тиббий муолажа олмоқда. Сервер учун мавсум ниҳоясига етиб бўлди. Шунингдек, яна бир қатор ўйинчиларимизда кичик жароҳатлар бор. Лекин биз барибир ғалаба учун ўйнаймиз.

Шуни таъкидлашим керакки, жамоамиз пенальтилар баҳсига тайёргарлик кўргани йўқ. Бунга асосий сабаб эса – агар 11 метрли нуқтадан зарба беришга алоҳида тайёргарлик кўрилса, албатта, ўйиннинг асосий вақти дуранг билан тугайди. Буни ўз тажрибамдан жуда яхши биламан.

img_8448

Умуман олганда, жамоамизда кайфият яхши. Ҳозирдан қандай схема асосида майдонга тушишимизни айта олмайман. Шуниси аниқки, биз эртага фақат ғалаба учун ўйин олиб борамиз, – деди тажрибали мутахассис.

img_8458

– “Насаф” – жуда яхши шаклланган жамоа. Лекин унда ҳам ўзига яраша ютуқ ва камчиликлар бор. Биз эртага рақибнинг ана шундай ютуқларини ёпиб, камчиликларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз, – деди Олег Зотеев.