Жамшид Искандеров: “Локомотив”нинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшмоқчиман”

“Локомотив” ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров “темирйўлчилар” сафига ўтгани борасидаги фикрларини билдирди.

– “Пахтакор” билан шартномам якунланганди. Кейинчалик менга “Локомотив”дан таклиф бўлди. Буни ўрганиб чиқдим ва биз келишувга эришдик. “Локомотив” сафида Осиё чемпионлар лигасида, Ўзбекистон чемпионатида ажойиб ўйинлар кўрсатиб, жамоадошларимни, клуб раҳбариятини меҳрини қозонишни истайман.

“Пахтакор” жамоаси таркибида бир қанча вақт давомида захирада қолиб кетдим. “Локомотив”да яхши ўйин кўрсатиб, миллий термага лойиқ эканлигимни кўрсатмоқчиман. “Локомотив” таркибида чиройли ғалабалар қўлга киритишга ва бунда жамоадошларимга ёрдам беришга қаттиқ ҳаракат қиламан.

“Локомотив”дагилар мени яхши кутиб олишди. Бу ердаги коллектив ажойиб экан. Ушбу клубдаги барча футболчилар билан анча вақтдан буён танишман, улар менинг акаларим, укаларим, дўстларим. Шу боисдан бу ерга мослашиб кетиш қийин бўлмайди деб умид қиламан.