ОЧЛ-2019. Рақибимиз – “Ал Иттиҳод”

“Локомотив” бу мавсум Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Шу орқали жамоа Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқди.

Олдинроқ биз гуруҳ босқичидаги рақибимиз “Ал Ваҳда” ҳақида маълумотлар бергандик.

“Ал Иттиҳод”нинг ташкил топганига 91 йил бўлди. Жамоа 1927 йилнинг 4 январь кунида ташкил этилган ва Саудия Арабистонининг энг “қари” жамоаси ҳисобланади. Клубни “Халқ жамоаси” деб аташади. Айни дамда “Ал Иттиҳод”ни сербиялик машҳур мутахассис Славен Билич бошқармоқда.

photo_2018-12-27_11-56-52

Билич Англия Премьер-лигасидаги фаолияти билан барчага яхши таниш. Премьер-лигага қадар сербиялик мутахассис Хорватия термаси, Москванинг “Локомотив”и, Туркиянинг “Бешиктош”ида ишлади. У 2015 йилнинг июнидан 2017 йилнинг ноябрига қадар “Вест Хэм”да фаолият олиб борди. Лондон жамоасидан истеъфога чиққанидан кейин 1 йил давомида ишсиз юрган Билич “Ал Иттиҳод”да иш бошлади.

Ҳозирча Билич бошчилигидаги жамоанинг ишлари унчалик яхши эмас. “Ал Иттиҳод” 14 турдан кейин Саудия Арабистони Про-лигасида 1 ғалаба, 3 дуранг ва 10 мағлубият қайд этиб, 6 очко йиғган ҳолда 16-жамоанининг 15-чиси бўлиб турибди. Жамоа пешқадам “Ал Ҳилол”дан 29 очкога ортда қолмоқда. “Ал Иттиҳод” 2017/2018 йилги мавсумда 9-ўринни қўлга киритди. Мамлакатда “Қирол кубоги”нинг қўлга киритилиши жамоага ОЧЛга йўлланма берди.

“Ал Иттиҳод” Саудия Арабистонининг 8 карра чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, 7 марта мамлакатнинг вице-чемпиони бўлган. Ундан ташқари “Ал Иттиҳод” 9 марта “Қирол кубоги”, 8 бора “Қирол тожи кубоги” каби совринларга эга чиққан. 2004 ва 2005 йилларда эса Осиё чемпионлар лигасининг бош совринини қўлга киритган. 1999 йилда ОФК Кубогида ҳам ғолиб бўлган.

Ҳозирда жамоа таркибида австралиялик Мэтью Журман, чилилик Карлос Вильянуева, марокашлик Карим Эль-Аҳмадий, бразилиялик Ромариньо, Тияго Карлето, Жонас, Вандерсон Вальдивия, сербиялик Александар Пешич каби легионерлар фаолият олиб бормоқда.

24 ёшли ҳужумчи Фаҳад ал-Муваллад 7 гол урган ҳолда “Ал Иттиҳод”нинг тўпурари бўлиб турибди.

“Ал Иттиҳод” 2016 йили ОЧЛнинг гуруҳ босқичида “Локомотив”га қарши баҳс олиб борган. Иккала баҳсда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилганди.

ОЧЛ доирасида “Ал Иттиҳод”га қарши ўйинлар 3-тур доирасида 9 апрель куни Жиддада ва 4-тур доирасида 22 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтади.