PEPSI Суперлигасининг 20-тури марказий беллашуви “Пахтакор” марказий стадионида бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси сафарда “Пахтакор” клубига қарши баҳс олиб боради. Ушбу учрашувни тажрибали эронлик рефери – Алиризо Фағоний бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради.
Шу ўринда ушбу икки жамоанинг ўзаро учрашувлари тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, “Локомотив” шу пайтга қадар “Пахтакор”га қарши 27та ўйин ўтказган. Ўзаро ўйинларнинг 4тасида “темирйўлчилар” жамоаси зафар қучган. 17та беллашувда эса “шерлар”нинг “қўли баланд” келган. Яна 6та ўйин эса дуранг билан ниҳоясига етган.
“Локо” футболчилари ушбу рақиб дарвозасини ҳозиргача 23 марта ишғол этишга муваффақ бўлишган. Дарвозамиздан эса 58 бор тўп ўтказиб юборганмиз.
“Темирйўлчилар” ушбу рақиб майдонида ўтган 13 баҳснинг 2тасида ғалаба қозонган бўлса, 2 ўйинда томонларнинг кучи тенг келган. Қолган 9 беллашув “шерлар”нинг ғолиблиги билан якунланган.
Биринчи даврада ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйини “Миллий” стадионида ўтказилган ва унда 0:0 ҳисоби қайд этилган.
“Пахтакор” – “Локомотив” учрашуви эртага, 1 август куни соат 21:00да старт олади.