Ўзбекистон Пепси Суперлигасида давралар оралиғида вужудга келган танаффусдан унумли фойдаланиш учун Минск шахрига йўл олган “темирйўлчилар” машғулотларни давом эттирмоқда. “Локомотив” матбуот хизмати жамоа ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев билан ушбу йиғин ҳақида кичик сухбат уюштирди.
- Ислом, машғулотлар қандай ўтмоқда? Жамоа иккита учрашув ўтказди, ушбу учрашувлар қандай кечганлиги тўғрисида ўз таасуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Минск йиғини биз учун айни муддао бўлди. Бу ердаги об-ҳаво ўтказилган ўйинлардан кейин тезроқ тикланишга ёрдам беради. Яна бу шахар бизга бегона эмас, бир неча йилдан бери Минск шахрида чемпионатимизнинг кейинги давраларига тайёргарлик кўряпмиз. Ўтказилган икки учрашувга келсак, биринчи учрашувда кўплаб ҳавфли вазиятлар яратишимизга қарамасдан рус клубига имкониятни бой бериб қўйдик. Иккинчи учрашувда эса йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Йиғинларда асосан натижаларга эътибор берилмайди. Энг аввало жамоавий ўйинни янада кучайтириш, яратилган вазиятларни голга айлантириш, ўз ўйин услубимизни янада такомиллаштириш устида иш олиб борилади.
- Суперлигада 15 та учрашув якунланди. Ўз ўйинингиз, “Локомотив” қайд этган натижадан кўнглингиз тўлдими?
- Биринчи даврадан ҳеч кимнинг кўнгли тўлмади. Бу ерда жамоа рахбарияти, футболчилар, мураббийлар штаби ва албатта мухлисларимизнинг ҳам. Ҳозир жамоамиз ўзига мос бўлмаган ўринда турибди. Иккинчи даврада энди биринчи даврада йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиб яна ўзимизнинг жойимизга қайтамиз.