Сардор Рашидов: “Локомотив”га ҳозир ғалаба жуда муҳим

Бугун Ўзбекистон Суперлигасида 4-тур учрашувлари давом эттирилади.  Куннинг энг қизиқарли ўйинларидан бири Олмалиқдаги “ОКМК” стадионида кечади.  Унда мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони – “Локомотив” АГМК жамоаси меҳмони бўлади. 

Мазкур ўйин олдидан “темирйўлчилар” жамоаси етакчиларидан бири Сардор Рашидов клуб расмий сайтига ўз фикрларини билдириб ўтди:

– АГМК билан ўйинга жамоамиз жиддий тайёргарлик олиб борди.  Зеро бугунги ўйинда ғалаба бизга сув ва ҳаводек зарур.  Шу сабабли ҳам “Локомотив” майдонга фақат 3 очкони кўзлаган ҳолда чиқади.  Миллий терма жамоа йиғинидан сўнг “Локо” машғулотларига қайтиб келдик ва ўйинга имкон қадар яхши тайёрланишга уриндик.  Умид қиламанки, бугун ўз мухлисларимизга чиройли ғалаба тақдим қила оламиз, – деди маҳоратли футболчи. 

Таъкидлаб ўтамиз, АГМК – “Локомотив” ўйини соат 18:00да старт олади.

sardor rashhidov uzbek FC