ОЧЛ-2018:  “Локомотив” – “Ал Дуҳаил” ўйинолди расмий тадбирлари хусусида 

Келаётган ҳафта аввалида қитъамиз яшил майдонларида Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 4-тур ўйинлари ўтказилади. 

Ўзбекистон чемпиони “Локомотив” бу сафар ўз уйида Қатарнинг “Ал Дуҳаил” жамоасидан реванш олишга уриниб кўради.  Эртага эса мазкур учрашув олдидан бир қатор расмий тадбирлар бўлиб ўтади.  Унга кўра,  соат 12:00да ҳар икки жамоа расмийлари иштирокида ўйин ташкилий масалалари муҳокама қилинади.  Соат 13:00да “Ал Дуҳаил” жамоаси бош мураббийи Жамол Белмади ҳамда бир нафар етакчи футболчи иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.  Соат 13:20да Андрей Микляев ҳамда “Локомотив”нинг етакчи ўйинчиларидан бири журналистларнинг ўйинолди саволларига жавоб қайтаришади.

Соат 15:30да “Локомотив,  соат 16:30да эса “Ал Дуҳаил” жамоаси ўйин олдидан расмий машғулот ўтказади.  Ҳар икки жамоанинг ҳам машғулоти дастлабки 15 дақиқаси ОАВ вакиллари учун очиқ тарзда ўтади.  Барча турдаги ОАВ вакилларини эртанги матбуот анжумани ҳамда расмий машғулотга таклиф этамиз.

Таъкидлаб ўтамиз,  “Локомотив” – “Ал Дуҳаил” ўйини 12 март куни соат 17:00да “Локомотив” стадионида бўлиб ўтади. 

PFC Lokomotiv v Al Duhail SC