Қатардаги «Тиббий йиғин» ёхуд Суперлига клублари шифокорларининг Доҳадаги илмий-амалий «саргузаштлари»

ЎФФдан клубларга хат келди-ю, барча шифокорлар орасида шов-шув бўлиб кетди. Нима эмиш, ПФЛ барча Суперлига клублари шифокорларини Қатарга ўқишга юборар эмиш. Менинг ўзимга деярли барча клуб шифокорлари кўнғирок қилишди. Чунки спорт соҳасида ўқув-семинарлар бўлиб турарди-ю, аммо футбол клубларининг шифокорларини ўқиш ва малака ошириш учун чет элга юбориш биричи марта бўлаётган воқеа эди.

«Юз марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши» – дейди доно халкимиз, тезда «тиббий йиғин»га тайёргарликни бошлаб юбордик. ЎФФ раҳбариятидан «оқ фотиха»ни олиб, Тошкент-Истанбул-Доҳа йуналишида Қатарга йўл олдик. Биз футболдаги шифокорлар бир-биримизни танисак-да, муносабатларимиз асосан ўйинлардаги салом-аликдан нарига ўтмас, нари борса бир-икки йилда ташкил килинадиган маҳаллий семинарларда кўришиб турамиз, холос. Шу сабабли, йўл бироз узоқроқ бўлса-да, узоқ вақт бир-бири билан яқиндан мулоқотни қумсаган шифокорлар бир-биримиздан клубларимиздаги йил якунлари, йил давомидаги жароҳатлар ва касалликлар, ҳар кимнинг ўзига хос даволаш услублари, қолаверса шахсий ҳаёт, футболчи ва мураббийлар ҳақида биз шифокорларнинг муносабатигача булган мавзулардаги суҳбат ва мунозараларимиз билан манзилга етиб боришимиз деярли сезилмай ўтиб кетди.

Эрта тонгдан Доҳа халқаро аэропортида бизни кутиб олишди, меҳмонхонага жойлашиб нонушта килиб олгач, «Aspetar» томон йул олдик. Шу уринда «Aspetar» ҳақида икки оғиз сўз. Тўлиқ номланиши «Aspetar-Қатар Ортопедик ва Спорт Тиббиёти госпитали» бўлиб, ушбу марказ дунёдаги энг кучли тўртликка кирувчи нуфузли спорт тиббиёт марказидир. Унда дунёнинг кўплаб мамалакатларидан (17 миллат вакиллари, асосан Европа мамалакатларидан) спорт тиббиёти соҳасидаги энг кучли мутахассислар фаолият кўрсатиб, марказ сўнгги замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозланган. Ушбу марказ нафакат Қатар спортчилари, балки бутун дунё буйлаб машхур спортчи ва асосан кўплаб машхур футболчиларга тиббий ёрдам кўрсатиши ва ўзининг кенг қиррали илмий тадқиқотлари билан жуда машхурдир. Шу билан бир қаторда ушбу марказда ФИФА ва ОФК ҳам жуда кўп халкаро илмий-амалий анжуманларни ўтказиб туради, шундай анжуманларда камина ҳам иштирок этган эдим.

«Aspetar»даги кутиб олиш маросимида марказ бош директори сўзга чиқиб, ташриф билан бизни илиқ қутлади хамда уз шифокорларига эътибор қаратиб шундай ўқув семинарини ташкил килиш таклифини киритиб , ЎФФ раҳбарияти уни хайратлантирганини айтиб ўтди. Кейинги сўзга чиққан ташкилотчи профессор бизга ажратилган қисқа муддат ичида кенг қамровли футбол тиббиётидаги янгиликларни имкони борича қулай ва тушунарли етказиб беришга ҳаракат қилишларини айтиб ўтди. Шундан сунг гуруҳ рахбари сифатида мен сўзга чиқиб, ЎФФ раҳбарияти саломини етказдим ва илиқ кутиб олишгани учун хурсандлигимизни ҳамда билим ва кўникмаларимизни яна бир бор янгилаб олиш имкони туғилганидан мамнун эканимизни билдирдим.

Танишув ва қутлов маросими тугагач, дастур бўйича биз учун «Aspetar» бўйлаб умумий танишув саёҳати уюштирилди, сўнгра алохида тиббий марказ бўлимлари бўйлаб танишиб борар эканмиз, ҳар бир бўлим фаолияти, унинг ишлаш режаси, мақсади ва вазифалари ҳакида батафсил тўхтаб ўтилди. Кўрганларимизни ва ҳар бир шифокор учун очилган янги қирраларни ёзишим учун алоҳида фурсат керак. Шундан сўнг бевосита ўқув жараёнига киришиб кетдик, яъни дастурда белгиланган спорт тиббиёти бўйича маърузалар ўқилди. Кун охирида тиббий марказдан қайта туриб, меҳмонхонага боришдан аввал шаҳар бўйлаб қисқа саёҳат уюштирилди ҳамда кейинги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кураётган Доҳа чиройидан бахраманд бўлиш имкониятини яратиб беришди.

Кейинги кунимиз жуда самарали булди, чунки дастур бўйича кун давомида айнан футбол тиббиётига тегишли бўлган ҳар хил мавзудаги маърузалар ўқилди. Ушбу маърузаларда бизнинг ҳар кунлик фаолиятимизда зарур бўлган ҳар хил қирралар қамраб олингани билан бир қаторда, маърузачиларнинг айнан биз учун маърузани тайёрлагани, ўз маърузаларида бизнинг логотиплар ва футболчиларимиз расмлари ва жароҳатларини мисол қилиб келтиришгани, маърузачилар ҳар хил миллат профессорлари бўлса-да кириш ва сўнг сўзларида ўзбекча сўзларни ишлатишгани бизни жуда хайратлантирди. Маърузаларда янгиликларни етказиш билан бир қаторда, фикр алмашиш, маъруза давомида бизни қизиқтирган саволларга етарлича кенг жавоб бериш, маърузалардан четда қолган бизни қизиктирувчи мавзуларда қўшимча маълумотлар бериш маърузачиларнинг асосий мақсади бўлди. Маърузалар жуда қизиқарли ва «табиий» бўлгани сабабли дастуримиз сўнггига етиб келганини билмай қолдик.

vusss3

Ўкув-семинаримизнинг асосий вақти тугагач кичик «ёпилиш ва тақдирлаш» маросими бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан бош директор ўринбосари: «Сиз билан ўтган семинаримиз биз учун ҳам жуда қизиқарли бўлди ва ушбу ўқув дастурини тайёрлаб, уни унумли ўтказганимиздан хурсандмиз, Ўйлайманки, сиз ҳам ўзингизга керакли тажриба ва кўникмаларни олдингиз. Бизнинг номимиздан федерациянгизга саломимизни етказиб қўйинг» – дея ўқув-семинарни ёпаркан, кейин ташкилотчилар билан биргаликда ҳар биримизга тантанали равишда сертификатлар топширишди. Шундан сўнг мен ҳам сўзга чиқиб, семинар биз учун жуда қизиқарли ва унумли бўлгани, бунинг учун ташкилотчиларга, қолаверса қизиқарли маърузалар тайёрлаган профессор-шифокорларга раҳмат айтиб, «Aspetar» ва Қатар футбол ассоциацияси раҳбариятига ЎФФ номидан миннатдорчилик айтишганини етказиб қўйдим.

Ортга қайтар эканмиз, парвозлар оралиғидаги вақтдан фойдаланиб, Истанбулнинг эътиборга лойиқ тарихий жойларини ҳам зиёрат қилиш билан янада бойиган Доҳа таассуротлари қалбимизга кўтаринкилик хадя этгани яққол сезиларди. «Аср яша – аср ўқи», айниқса шифокорлар доимо ўз устида ишлаб, изланишда бўлишлари керак. Қолаверса бугунги тез ривожланаётган футболда тиббиётнинг ўрни жуда муҳимдир. Ушбу хорижий ўқув-семинари биз шифорлар учун билим ва амалий кўникмаларимизни яна бир бор янгилаб олиш учун катта мактаб бўлди ва ушбу имкониятни яратиб берган футбол раҳбариятига биз шифокорлар ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.

Аброр ПИРРИЕВ «Локомотив» ПФК шифокори