“Локомотив” учун мавсум-2017 қандай ўтди? ФОТОНИГОҲ 

2002 йилда асос солинган “Локомотив” футбол клуби сўнгги йилларга келиб ўзбек футболининг етакчи жамоасига айланишга муваффақ бўлди. Жамоа раҳбарияти, мураббийлар штаби ҳамда футболчиларнинг қилаётган қаттиқ меҳнати самараси ўлароқ “Локо”нинг қайд этаётган натижалари йилдан-йилга яхшиланиб, жамоа совринлар сақланадиган музей борган сайин бойиб бормоқда. 

Мана бир неча кун аввал юртимизда 2017 йилги футбол мавсуми ҳам расман ўз ниҳоясига етди. Мавсум-2017ни “Локомотив” ички миқёсдаги иккала мусобақада ҳам бош совринга эга чиққан ҳолда якунлади. “Темирйўлчилар” “олтин дубл” қайд этган ҳолда, ўзининг ўтган йилдаги қўлга киритилган иккала совринини ҳам муносиб ҳимоя қила олди.

Lokomotiv Tashkent Uzbekistan FC - 2017 -

Умуман олганда, “Локомотив” 2017 йилда ёмон мавсум ўтказмади. Жамоа ички мусобақаларда зафарли юришини охирига қадар давом эттирган бўлса-да, қитъа чемпионлар лигасида кутилмаганда юришини эрта тўхтатди. “Локомотив” ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичида 1та ғалаба, 2та дуранг ҳамда 3та мағлубият қайд этди. Аксарият беллашувларда омад рақибларга кулиб боқди ва “Локо” жуда аламли мағлубият ёки дуранглар қайд этди.

Lokomotiv PFC Uzbekistan team club

“Локомотив” таркибида Ислом Тўхтахўжаев, Кахи Махарадзе, Марат Бикмаев, Сардор Мирзаев ҳамда Олег Зотеев гуруҳ босқичидаги барча 6та ўйинда иштирок этишди. Жамоа олдинги чизиғи вакили Марат Бикмаев гуруҳ босқичида 5та гол уришга муваффақ бўлди. Бироқ жамоамиз ушбу нуфузли турнирни гуруҳ босқичидаёқ якунлади.

Сўнгра бор диққат-эътибор Ўзбекистон чемпионати ҳамда Кубогига қаратилди. Жамоа ушбу иккала совриннинг амалдаги соҳиби бўлгани учун ҳам ўз унвонини бошқаларга беришни истамади. Натижада ҳар бир учрашувда фақат ва фақат ғалаба кўзланган ҳолда майдонга чиқилди.

Kakhi Makharadze Goergia player Uzbekistan Lokomotiv PFC

Олий Лигада “Локомотив” 30та ўйиннинг 22тасини ўз фойдасига ҳал этди. 4та ўйинда дуранг қайд этилди ва яна 4та баҳсда рақибларга имконият бой бериб қўйилди. Якунда 70 очко билан энг яқин таъқибчини 8 очкога ортда қолдирган ҳолатда “Локомотив” ўз тарихида иккинчи марта Ўзбекистон чемпионати олтин медалларига эга чиқди.

Олий Лига-2017да “Локомотив” жамоаси мураббийлар штаби жами 25 нафар футболчи хизматидан фойдаланди. Улар ичида фақатгина Сардор Мирзаев барча 30та ўйинда майдонга тушди ва ўзига хос натижа қайд этди.

Ўзбекистон кубогида эса жамоамиз жами 7та учрашув ўтказди. Уларда 4та ғалаба, 2та дуранг ва 1та мағлубият қайд этилди. Ҳал қилувчи финал баҳсида эса “Бунёдкор” жамоаси 1:0 ҳисобида мағлуб этилиб, учинчи бор мамлакат Кубогига эга чиқилди.

Mirko Jelicic coach trainer football soccer

Шунингдек, жамоамизнинг муваффақият қозонишида ва совринларни қўлга киритишида жамоа тўпурари Марат Бикмаевнинг ҳам хиссаси беқиёс бўлди. Зеро ушбу футболчи ортда қолган мавсумда умумий ҳисобда барча мусобақаларда 35та гол уриб, жамоамизнинг ғалабаларида сезиларли ўрин тутди.

“Локомотив”нинг бундай муваффақиятларга эришишида ҳамда кетма-кет икки мавсум давомида ҳам чемпионат, ҳам Кубокда зафар қучиши негизида клуб тизимида амалга оширилаётган улкан меҳнатлар ётибди. Зеро клуб раҳбариятининг мураббийлар штабига тўла ишонч билдираётгани ҳамда уларни қўллаб-қувватлаётгани натижасида Мирко Йеличич ҳамда Андрей Микляев “Локомотив”ни улкан ғалабалар томон етаклашмоқда. Микляевнинг матбуот анжуманларидан бирида “Локомотив”нинг ушбу муваффақиятлари сири – жамоада коллективнинг жуда аҳил ва иноқ эканидир, деган гапи жуда ўринлидир. Зеро аниқ бир мақсад йўлида барча бир ёқадан енг шимариб меҳнат қилар экан, унинг самараси узоқ куттирмайди.

Lokomotiv Uzbekistan PFC football -

Айни дамда “Локомотив” футболчилари 3 ҳафталик таътилга чиқишди. Сўнгра клуб келаси йилги мавсумга тайёргарликка киришади. Келаси мавсумда “Локомотив” ўз олдига нафақат ички майдонда, балки халқаро мусобақаларда ҳам зафарли юришлар амалга оширишни мақсад қилмоқда. Бунинг учун жамоа таркибида маҳоратли футболчилар етарли. Шунингдек, баъзи чизиқларда таркибни янада кучайтириш ишлари ҳам олиб борилади. “Локомотив” 2018 йилги мавсумда ҳам ўз ишқибозларини улкан ғалабалар билан хушнуд этишга чоғланмоқда!..

Азиз мухлислар, “Локомотив” барча муваффақиятларида ўз ишқибозларининг ҳам ўрни алоҳида эканини ҳамиша ҳис этади. Жамоа ўйинларини бевосита стадиондан кузатиб борган, стадионга келиш имкони бўлмаса-да ойнайи-жаҳон орқали севимли клубини қўллаб-қувватлаб турган барча-барча мухлисларимизга миннатдорчилик изҳор этамиз. Ишонамизки, йилдан-йилга сони ортиб бораётган “темирйўлчилар” мухлис ва мухлисалари келаси йили ҳам “Локомотив”нинг ғалабаларига шерик бўлишади!

Lokomotiv Uzbekistan 2017 football club ---