“Локомотив” ҳамда “Флитвуд Таун” ўртасидаги ҳамкорлик давом этади

Хабарингиз бор, Тошкентнинг “Локомотив” футбол клуби 2015 йилда Англия биринчи дивизиони иштирокчиси “Флитвуд Таун” жамоаси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган эди.

Тобора профессионаллик сари интилаётган “темирйўлчилар” “клуб имижи”ни шакллантириш асносида инглиз жамоаси билан кўп томонлама ҳамкорлик борасида битим имзолаган. Натижада “Локомотив”нинг икки нафар ёш истеъдодли ўйинчилари – дарвозабон Рустам Нартаджиев ҳамда ҳимоячи Сергей Прохоров 2015 йилда 3 ой мобайнида “Флитвуд Таун” жамоаси қароргоҳида бўлиб, тажриба орттириб қайтишган эди.

rustam nartadjiev --

Эндиликда “Локомотив”нинг навбатдаги делегацияси инглиз диёрига йўл олмоқда. “Локомотив” жамоасининг ёш иқтидорли футболчилари орасидан танлаб олинган 17 ёшли ўйинчи Хурматбек Йўлдошев ҳамда “Флитвуд Таун” жамоаси мураббийлар штабининг илтимосига кўра дарвозабон Рустам Нартаджиев яна бир бор инглиз клубида малака ошириш имконига эга бўлишади.

Бугун ушбу икки ёш футболчи клуб расмийлари билан биргаликда Англияга йўл олишди. Улар 3 ой давомида инглизча тизимда машғулот ўташади ва “Флитвуд Таун” жамоаси ёшлар таркибида учрашувларда майдонга тушишади.