“Локомотив” бугун “Насаф” майдонига сафар уюштиради

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳамда мамлакат кубоги соҳиби – Тошкентнинг “Локомотив” клуби бугун кубок баҳслари ярим финал жавоб ўйинлари доирасида Қаршида “Насаф” меҳмони бўлади.

Ёдингизда бўлса, ушбу жамоаларнинг дастлабки учрашуви Тошкентда ўтганди ва унда “Локо” вакиллари 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, жавоб ўйини олдидан финалга чиқиш учун яхшигина имконият хосил қилишганди.

Бугун эса жамоалар финал йўлланмасини узил-кесил ҳал этиш учун Қаршидаги “Марказий” ўйингоҳида баҳс юритишади. Ўйин соат 18:00да старт олиши режалаштирилган.

Dragan Ceran v Islom Tukhtakhujaev

Қайд этиш жоизки, юртмизнинг ушбу икки гранд жамоалари шу пайтга қадар мамлакат кубоги баҳслари доирасида 2 бор ўзаро тўқнаш келишган. Дастлаб, ушбу жамоаларнинг йўллари 2015 йилги кубок ўйинларининг ярим финалида кесишган. Ўшанда илк баҳсда “Насаф” 2:0 ҳисобида зафар қучган. Жавоб беллашувида эса “Локомотив” вакиллари 1:0 ҳисобида ғалабага эришишган. Шу тариқа, финалга қаршиликлар йўл олганди.

Ўтган йили эса мазкур жамоалар Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи – финал баҳсида ўзаро беллашишган. Самарқандда кечган матчда “Локомотив” 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб ўз тарихида иккинчи марта биллур совринга эга чиқди.