“Локомотив” бугун “Металлург” билан баҳс юритади

Олий Лига мусобақа жадвалида якка пешқадам бўлиб турган “Локомотив” 18-тур доирасида Бекободнинг “Металлург” жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Турнинг энг муросасиз руҳда ўтиши кутилаётган беллашувларидан бирини тажрибали рефери – Хасан Рўзиев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи ишлайдиган бўлди.

 

18- тур. 18 август (жума)

«Металлург» (Бекобод) – «Локомотив» (Тошкент)

Ҳакамлар: Х. Рўзиев (Тошкент), О. Абдувосилов (Тошкент), С. Шоюсупов (Тошкент), О. Тўйчибоев (Фарғона)

Назоратчи: О. Дачев (Тошкент).

ПФЛ вакили: В. Лёткин.

 

Ушбу жамоаларнинг биринчи давра доирасида кечган учрашуви 30 июнь санасида ўтказилганди. Ўшанда “Локомотив” футболчилари бекободлик “маъданчилар”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди.

“Локомотив” таркибида Мурод Бобожонов, Азизбек Амонов ҳамда Темур Кападзе рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлган бўлса, “Металлург”да Жаҳонгир Абдумўминов гол урганди.

ЖАМОАЛАРНИНГ ЎЗАРО УЧРАШУВЛАРИ ТАРИХИ

“Локомотив” ҳамда “Металлург” жамоалари шу пайтга қадар миллий чемпионатимиз доирасида 25 бор ўзаро тўқнаш келишган. Учрашувлардаги катта устунлик “темирйўлчилар” жамоаси тарафида.

“Локомотив” “Металлург”ни 15 та учрашувда мағлуб этишни уддалаган. 3 та ўйин эса бекободликлар фойдасига ҳал бўлган. Жамоалар 7 марта муроса кўчасини танлашган. “Темирйўлчилар” жамоаси ушбу рақиб дарвозасини жами 49 марта ишғол этишган. Ўз дарвозамиздан эса 20 марта тўп ўтказиб юборганмиз.

“Локомотив” футболчилари ушбу рақиб устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалаба 5:1 бўлиб, “Локо” футболчилари 2 марта (2012 ҳамда 2014 йилда) “Металлург”ни худди шундай ҳисобда мағлуб этишган.

Қайд этиш жоизки, “Металлург” жамоаси “Локомотив”ни сўнгги бор 7 йил аввал – 2010 йилда мағлуб этган. Бекободда кечган беллашувда “маъданчилар” 1:0 ҳисобида ғалабага эришишган. Шундан буён “Локомотив” ушбу жамоага мағлуб бўлмай келмоқда.