“Олмалиқ” – “Локомотив” номаълум муддатга қолдирилди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 31 август ҳамда 5 сентябрь саналарида ЖЧ–2018 саралаш босқичи сўнгги икки ўйинини ўтказади. Бош жамоамизнинг мазкур учрашувларга тайёргарлик кўриши муносабати билан Олий Лига 19-тур ўйинлари тақвимида ўзгариш юз берди.

ПФЛ регламентининг 4-моддаси, 4.24-пунктига мувофиқ, Ўзбекистон миллий терма жамоасига уч ва ундан ортиқ футболчиларнинг чақирилиши муносабати билан 25–26 август кунларида бўлиб ўтадиган уч беллашув номаълум муддатга қолдирилди. Жумладан, “Локомотив” жамоасининг сафарда “Олмалиқ” билан бўладиган ўйини ҳам ноаниқ муддатга қолдирилди.

Таъкидлаб ўтамиз, “Олмалиқ” – “Локомотив” баҳси 26 август куни ўтказилиши лозим эди.