“Локомотив” бугун “Машъал”ни қабул қилади

Куни кеча миллий чемпионатимизда иккинчи давра беллашувларига старт берилди. Бугун Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – “Локомотив” Олий Лига иккинчи давраси илк ўйинини ўтказади. Мазкур матчда “темирйўлчилар”га Муборакнинг “Машъал” клуби футболчилари қаршилик кўрсатишга уринишади.

Олий Лига, 16-тур:

7 август (душанба)

«Локомотив» (Тошкент) – «Машъал» (Муборак)

Ҳакамлар: Р. Бобомуродов (Навоий), Б. Қодиров (Бухоро), А. Буров (Бухоро), А. Нажафалиев (Тошкент)

Назоратчи: А. Попов (Тошкент).

ЎзПФЛ вакили: Ф. Магаметов.

 

“Локомотив” – “Машъал” тўқнашувини тажрибали рефери – Рустам Бобомуродов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Учрашув назоратчиси – Александр Попов. ПФЛ вакили сифатида эса Фарҳод Магаметов фаолият олиб боради.

Жамоалар биринчи давра ўйинини Муборакда ўтказишган ҳамда ўша ўйинда “Локомотив” вакиллари 1:0 ҳисобида ғалабага эришишганди. Олий Лига 1-тури доирасида кечган матчда Марат Бикмаев томонидан киритилган гол “Локо”га муҳим уч очкони тақдим этганди ва жамоамиз чемпионатда яхши старт олганди.

O'zbek futboli - Lokomotiv Toshkent FK

ЎЗАРО УЧРАШУВЛАР ТАРИХИ:

“Локомотив” ва “Машъал” жамоалари ички чемпионатимиз доирасида шу пайтга қадар 23 марта ўзаро тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлардаги устунлик – “Локомотив” футболчилари томонида. “Локомотив” ўтказилган беллашувларнинг 13 тасини ўз фойдасига ҳал эта олган. “Машъал” вакиллари эса 9 та ўйинда ғалабага эришишган. Бир бора эса жамоалар дуранг ўйнашган. “Локомотив” шу вақтгача “Машъал” дарвозасини ўзаро ўйинларда 32 марта ишғол этган. Ўз дарвозасидан эса 26 та гол ўтказиб юборган.

img_2399

Илк бор бу жамоалар 2004 йилда тўқнаш келишган бўлиб, “Жар” стадионида кечган матчда “Локомотив” футболчилари ғалабага эришишган – 1:0. “Локомотив”нинг “Машъал” устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси ўтган йилги баҳсда қайд этилган бўлиб, Муборакда ўтган учрашувда жамоамиз 4:0 ҳисобида зафар қучган.

ФАКТ: Биласизми, “газчилар” “темирйўлчилар”ни сўнгги бор 2010 йилнинг августида мағлуб этишган. Ўшанда “Машъал” ўйинчилари тошкентликларни 2:0 ҳисобида енгганди.

Яна бир қизиқ маълумот шундан иборатки, “Локомотив” ва “Машъал” фақат бир марта дуранг ўйнашган. 2007 йилнинг май ойида Тошкентда ўтган ўйинда жамоалар 0:0 ҳисобида нурсиз дуранг натижани қайд этишган.