Кеча Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби – “Локомотив” жорий йилги кубок баҳслари чорак финал ўйинлари доирасида “Бухоро”га қарши жавоб ўйинини ўтказди.
Анчагина муросасиз кўриниш олган матчнинг асосий вақти худди ўтган галги беллашув каби – 0:0 ҳисобида поёнига етди. Белгиланган қўшимча бўлимларда эса “темирйўлчилар” ирода кўрсата олишди ва 3 бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, ярим финал йўлланмасига эга чиқишди.
Энди “Локомотив” ярим финалда Қаршининг “Насаф” жамоаси қаршилигини енгиб ўтишга уринади. Ушбу жамоаларнинг илк учрашуви 2 август куни “Локомотив” стадионида бўлиб ўтади. “Насаф” “Қўқон-1912”ни икки ўйин натижасига кўра 6:3 ҳисобида ортда қолдириб, ярим финал йўлланмасига эга чиқди.