Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби – Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси жорий йилги кубок баҳслари чорак финалида “Бухоро” клуби қаршилгини енгиб ўтишга уриниб кўради.
Бугун мазкур икки жамоа чорак финал жавоб ўйинини ўтказади. Ёдингизда бўлса, Бухорода кечган беллашувда кучлар тенг келган эди – 0:0. Бугун эса ярим финал йўлланмаси қайси жамоага насиб этиши ойдинлашади.
Ўзбекистон кубоги. 1/4 финал.
«ЛОКОМОТИВ» (ТОШКЕНТ) – «БУХОРО» (БУХОРО)
Ҳакамлар: З. Қодиров (Навоий), А. Цапенко (Тошкент вил.), Р. Шояхметов (Тошкент), А. Эргашев (Тошкент)
Назоратчи: А. Арутюнов (Тошкент).
Дастлабки учрашув: 0:0.
Мазкур қарама-қаршиликни навоийлик ҳакам – Зокир Қодиров бошчилигидаги реферилар гуруҳи бошқариб боради.
ФАКТ: Тажрибали рефери – Зокир Қодиров жорий йилги мавсум ҳисобидан иккинчи бор “Локомотив” жамоаси ўйинини бошқармоқда. Навоийлик ҳакам бундан аввал “Локомотив”нинг Олий Лига 14-тур ўйинлар и доирасидаги “Динамо”га қарши кечган ўйинида ҳам ишлаган эди. Ўшанда жамоамиз самарқандликлар устидан 2:0 ҳисобида зафар қучганди.
ЎЗАРО ҚАРАМА-ҚАРШИЛИКЛАР ТАРИХИ:
Қайд этиш жоизки, “Локомотив” ҳамда “Бухоро” жамоалари шу пайтга қадар Ўзбекистон кубоги ўйинлари доирасида фақат бир марта ўзаро тўқнаш келишган. 2012 йилги кубок беллашувлари чорак финалида йўллари кесишган жамоаларнинг илк қарама-қаршилигида “Бухоро” 2:0 ҳисобида ғолиб чиққан. Жавоб ўйинида эса “Локомотив” 2:0 ҳисобида ғалабага эришган. Пенальтилар баҳсида эса омад бухороликларга кулиб боққан – 7-6.
“ЛОКОМОТИВ” КУБОК ЎЙИНЛАРИДА ҚАНДАЙ ОДИМЛАМОҚДА?
Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби – “Локомотив” ушбу мавсумда кубок ўйинларидаги иштирокини нимчорак финалдан бошлади. “Темирйўлчилар” 1/8 финалда Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси қаршилигини енгиб ўтишди.
Дастлаб Тошкентда ўтган баҳсда “Локо” футболчилари рақиб дарвозасини оз эмас, кўп эмас – жавобсиз нақд 5 марта ишғол этишди. Ўша беллашувда Марат Бикмаев бир марта, Жалолиддин Машарипов ҳамда Диёр Туропов икки мартадан ўз номини таблога ёздириб қўйишганди.
Жавоб ўйинида эса 1:1 ҳисоби қайд этилди. Тошкентликлар сафида Мурод Бобожонов муваффақият қозонди ва чиройли гол муаллифига айланди.
1/4 финалда эса жамоамиз “Бухоро” жамоасига рўбарў келди. Бухорода ўтган илк учрашув кескин курашларга бой тарзда кўриниш олди. Ҳар икки жамоа футболчилари ҳам бир қатор хавфли вазиятлар яратишди. Бироқ гол уриш ҳеч бир жамоага насиб этмади ва ярим финал йўлланмаси тақдири бугунги беллашувга қолди.
БИЛИШ ШАРТ: “Локомотив” – “Бухоро” жуфтлигида ғалаба қозонадиган жамоа кубок ярим финалида “Қўқон-1912” – “Насаф” жуфтлиги ғолибига қарши баҳс олиб боради. Мазкур икки жамоа ҳам бугун ўзаро ўйин ўтказишади.