“Локомотив” жамоаси давралар оралиғидаги тайёргарлик жараёнини эндиликда ўз қароргоҳида давом эттирмоқда.
“Темирйўлчилар” 28 июльда Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасида “Бухоро”га қарши жавоб ўйинини ўтказади. Жамоа ҳужумчиси Мурод Бобожонов мазкур баҳсга ҳозирлик жараёни хусусида клуб матбуот хизматига қисқа интервью берди.
– Мурод, “Локомотив” Олий Лига иккинчи даврасига тайёргарлик жараёнини қай тариқа олиб борди?
– Иккинчи даврага тайёргарлик жараёнини яхши бошладик. Яқинда Минск шаҳрида ўқув-йиғини ўтказиб қайтдик. У ерда 3 та назорат учрашувида майдонга тушдик. Бу ўйинларда 2 та ғалаба ҳамда 1 та дуранг қайд этдик. Умуман олганда, хориж йиғини аъло даражада ўтди. Ана энди Тошкентга қайтиб ҳам машғулотларни давом эттиряпмиз. Таркибимиз анча кучайтирилмоқда. Қолаверса, жароҳат олган футболчилар ҳам сафга қайта бошлашди. Насиб этса, иккинчи даврани ажойиб тарзда ўтказмоқчимиз.
– “Локомотив”ни 28 июль куни Кубок доирасидаги “Бухоро” билан ўйин кутиб турибди…
– Ушбу ўйинга ҳам ҳозирликни давом эттиряпмиз. Ҳар куни машғулотлар ўтказиляпти. Машғулотлар анча ранг-баранг ҳамда қизиқарли ўтаётганини таъкидлашим лозим.
– Рақиб жамоа ўйини ҳам таҳлил этилмоқдами?
– Ҳа, албатта. Масалан, куни кеча “Бухоро” билан чорак финал илк ўйинимизни томоша қилдик. Ўша баҳсда “Бухоро” ҳам анча яхши ўйин кўрсатганди. Учрашув эса дуранг билан ниҳоясига етган эди. Ушбу клуб ҳам анча шаклланганини чемпионат давомида намойиш этиб келяпти. Биринчи ўйинда анча қийинчиликка дуч келганимиз бежиз эмас.
– “Локомотив” чемпионат билан биргаликда кубок баҳсларида ҳам ўз олдига энг олий мақсадни қўйган бўлса керак…
– Ҳа, албатта! Биз фақат ва фақат ғалаба ҳақида ўйлаяпмиз!