“Локомотив” иштирокидаги учрашувлар энди интернетда тўғридан-тўғри трансляция қилинади

Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси ташаббуси билан бундан буён мамлакат чемпионати ҳамда кубоги доирасидаги аксарият учрашувлар тўғридан-тўғри трансляция этиб борилади.

Шу муносабат билан 23-24 июль саналарида пойтахтимизда Олий Лига иштирокчи жамоалари вакиллари учун махсус семинар-устахона ташкил этилди. Унда “Локомотив” жамоаси матбуот котиби ҳамда оператори ҳам иштирок этди.

Семинар сўнгги пайтларда дунё бўйлаб футбол учрашувларини интернетда тўғридан-тўғри олиб кўрсатиш борасида жаҳоннинг етакчи компаниясига айланган Швейцариянинг “Empower Sports AG” компанияси вакиллари томонидан олиб борилди. Унда ушбу компаниянинг махсус интернет-платформаси саналмиш – MYCUJOO.TV сайтида футбол ўйинларини қай тариқа жонли эфирга узатиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шу тариқа, бундан буён бизнинг ишқибозларимиз ҳам жамоамиз иштирокидаги ўйинларни интернет орқали жонли кузатиб бориш имконига эга бўлишади. Бунинг учун “Локомотив” жамоасининг MYCUJOO сайтидаги расмий саҳифаси – www.mycujoo.tv/ch/491 га кириш кифоя қилади.