“Локомотив” футбол мактаби қандай фаолият олиб бормоқда?

2002 йилда ташкил этилган “Локомотив” футбол клуби йилдан-йилга ўз инфратузилмасини яхшилаб бораётганидан хабарингиз бор. Жамоа тузилганига эндигина 15 йил тўлган бўлса-да, “темирйўлчилар” секин-асталик билан ҳар томонлама профессионал клуб барпо этиш йўлидан бормоқда. Ўз навбатида клуб эришаётган ютуқлар ҳам борган сайин салмоқли кўриниш олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун, ўтган мавсумда “Локомотив” ўз тарихида илк бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Ушбу муваффақиятнинг қўлга киритилишида эса клубда амалга оширилаётган кенг салмоқли ишларнинг ўрни беқиёсдир.

Lokomotiv futbol maktabi _

Жумладан, “Локомотив” футбол мактаби ҳам сўнгги йилларга келиб анчагина самарали фаолият олиб бориб келмоқда. Клуб қошида 2006 йилда футбол мактабига асос солинган бўлиб, ҳозирга келиб ушбу мактаб тарбияланувчилари секин-аста бош жамоа таркибида майдонга туша бошлашди. Мисол учун, Икром Алибоев, Қувондиқ Рўзиев каби футболчилар аллақачон “Локомотив” жамоаси асосий таркибидан муқим жой эгаллаб улгуришган бўлса, Рустам Нортожиев, Сергей Прохоров каби ёш истеъдод эгалари секин-аста асосий жамоа таркибига жалб этиб келинмоқда. Қолаверса, “Локомотив”нинг ўринбосарлар таркибида ҳам кўп сонли футбол мактаби тарбияланувчилари ўйнаб келишмоқда.

sayt5

Таъкидлаш жоизки, “Локомотив” футбол мактабида айни дамда 1998 йилдан 2010 йилга қадар муддат ичида таваллуд топган ёш футболчилар “миллионлар ўйини” сабоқларини олишмоқда. Уларга 11 нафар малакали мутахассислар устозлик қилиб келишмоқда.

Ҳар бир ёш тоифасидаги жамоалар ҳафтасига 3 мартадан машғулот ўташади. Машғулотлар жараёни замонавий услубларни ўз ичига олган ҳолда, дунёнинг етакчи футбол мактаблари андозаси асосида ташкил этилади. Ҳафта сўнггида эса ҳар бир ёш тоифаси Тошкент шаҳар биринчилигида ўйинларни ўтказади. Шаҳар биринчилигида жамоаларимиз қайд этаётган натижалар тақсинга лойиқ.

sayt1

Қолаверса, “Локомотив” футбол мактаби тарбияланувчиларидан иборат жамоалар ҳар йили бир неча мартадан халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, Эркин Саидов раҳбарлик қилиб келадиган футбол мактабимизнинг турли ёш тоифасидаги жамоалари ҳозирга қадар Малайзия, Туркия, Корея, Россия, Латвия каби мамлакатларда ўтказилган халқаро турнирларда ғолиб ҳамда совриндорлар қаторидан ўрин эгаллашга улгуришди. Мисол учун, Латвияда ўтказилган “Liepaja Spring Cup” ҳамда “Dobrecova Cup” мусобақаларида 2006 йилда таваллуд топган тарбияланувчиларимиз кетма-кет икки йил кумуш медалларга сазовор бўлишди. Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтган “1-st AFZA Grass Root League” турнирида ҳам 2002 йилда туғилган ёш “темирйўлчилар” ғолибликни қўлга киритиб қайтишди. Шунингдек, Россиянинг Барнаул, Новороссийский каби шаҳарларида ўтказилган турнирларда ҳам 2004 ва 2006 йилда таваллуд топган ёш футболчиларимиз ғолибликка эришишганини қайд этиш даркор.

sayt3

“Локомотив” футбол мактабида тарбия топаётган ёш истеъдод эгалари хориж мамлакатларида тажриба ҳамда малака ошириш имкониятига ҳам эга бўлишади. Зеро “Локомотив” Англиянинг “Флитвуд Таун” клуби билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ушбу ҳамкорлик доирасида “Локомотив” футбол мактаби тарбияланувчилари инглиз жамоаси сафида машғулотлар олиб бориш имконига эга бўлиб келишмоқда. 2015 йилда Рустам Нортожиев ҳамда Сергей Прохоров каби ёш иқтидорлар “Флитвуд Таун” сафида шуғулланиб, бир қатор учрашувларда майдонга ҳам тушишга муваффақ бўлишганди. Ҳозирда эса ушбу икки ёш ўйинчилар “Локомотив”нинг асосий таркибига жалб этилмоқда ва уларга жамоамизнинг “эртанги куни” сифатида қаралмоқда.

prokhorov-nortojiyev

Lokomotiv futbol maktabi _ Football school PFC Lokomotiv Tashkent

Бу футболчиларга ўхшаб юксак иқтидорга эга бўлган ёш тарбияланувчиларимиз сони жуда кўп. Улар секин-аста катта футболга қадам қўйиб келишмоқда. Ёшлар таркибимизда тажриба орттираётган бундай истеъдодларнинг яқин келажакда “Локомотив”нинг асосий таркибида майдонга тушишларига ҳамда миллий терма жамоамизга номзод футболчиларга айланишларига ишонамиз!

“Локомотив” ПФК матбуот хизмати