Азизбек Амонов: Тажрибали футболчилар майдонда ёрдам беришмоқда

Олий Лига 3-турининг қолдирилган беллашувида “Локомотив” “Металлург”га қарши баҳс юритди ва 3:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Учрашувда “Локомотив” жамоасининг ёш ярим ҳимоячиси Азизбек Амонов Олий Лигадаги дебют голини киритишга муваффақ бўлди. Истеъдодли футболчи клуб матбуот хизматига ўзининг ўйин хусусидаги фикрларини билдириб ўтди:

– Бугун “Металлург”га қарши қийин учрашув ўтказдик. Сабаби рақиб жамоа ҳам анча яхши ўйин намойиш этди. Лекин якунда барибир “Локомотив” 3 очкони қўлга кирита олди.

Ушбу ғалабада менинг ҳам оз бўлса-да хиссам борлигидан мамнунман. Мураббийлар ишониб майдонга туширишди. Уларнинг ишончини оқлашга уриндим. Қўлдан келганча ҳаракат қилдим. Гол киритилган вазиятда эса жамоадошларимнинг улуши жуда катта бўлди. Айнан улкан тажрибага эга футболчилар менга майдонда қандай ҳаракатланишим борасида тавсиялар бериб туришди. Бундай қўллаб-қувватлашдан мамунман.

Кейинги ўйинларда ҳам жамоамиз ғалаба қозонаверишини истайман. Ғалаба – бутун жамоаники. Унда бугун майдонга чиққан барча-барчанинг хиссаси бор, – дейди ёш футболчи.