Андрей Микляев: Ҳисоб ўйинга мос кўриниш олди

Ўзбекистон кубоги 1/8 финал ўйинлари доирасида кечган “Локомотив” – “Қизилқум” учрашуви 5:0 ҳисобида “темирйўлчилар” фойдасига ҳал бўлди.

Учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Локо” устози Андрей Микляев қуйидагича фикр билдирди:

– Якунда қайд этилган ҳисоб ўйинга мос бўлди, дея оламан. Зеро бугун биз рақибдан устунлик қила олдик. Майдонга тушиб ғалабага хисса қўшган барча йигитларга миннатдорчилик билдираман.

Бугун жароҳат туфайли бир неча нафар футболчи учрашувда иштирок эта олмади. Масалан, Икром Алибоевда жароҳат бор. Яқинда Ислом Тўхтахўжаев ҳам жароҳат орттириб олди. Ислом яқин 2-3 ҳафта майдонга туша олмайди. Кейинги ўйинларни таркибда бор футболчилар билан ўтказишга мажбурмиз.

Ёзда таркибда ўзгаришлар бўладими, йўқми – бунисини кўрамиз. Айни пайтда тиғиз тақвим асосида ўйнаётганимиз боис янги ўйинчилар ҳаракатини кузата олмаяпман, – дейди тажрибали мутахассис.