“Локомотив” – “Истиқлол”. Ўйинолди матбуот анжумани

Хабарингиз бор, эртага “Локомотив” қитъа чемпионлар лигаси гуруҳ босқич ўйинлари доирасидаги навбатдаги учрашувини ўтказади. Жамоамиз 4-тур ўйинлари ҳисобидан Эроннинг “Истиқлол” клубини қабул қилади.

Бугун ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Андрей Микляев:

– Эртага бизни жуда муҳим беллашув кутиб турибди. Зеро кейинги босқичга чиқиш имкониятимиз сақланиб қолиши ёки курашни тўхтатишимиз масаласи айнан мана шу баҳс орқали ҳал бўлади. Шу сабабли ҳам ўйинга катта эътибор қаратганмиз. Ўтган сафарги тўқнашувда 2 та тўп фарқи билан ютказган бўлсакда, ушбу рақибни биздан кучли, демаган бўлардим. Чунки ўша ўйинда рақиб шунчаки яратган имкониятларидан унумли фойдалана олганди. Биз эса аксинча, вазиятларни голга айлантира олмагандик.

– Бизга бу мавсумда кўпинча омад етишмаяпти. Йигитлар барча ўйинларда ҳам имкон қадар яхши ўйнашга уринишяпти. Фақат баъзан омад келмаяпти ва берган зарбаларимиз рақиблар дарвозасига бориб тушаётгани йўқ.

Афсуски, эртанги баҳсда Шуҳрат Муҳаммадиев ҳамда Саламат Қутибоев жамоамизга ёрдам бера олишмайди. Қолаверса, Темур Кападзенинг ҳам майдонга тушиш ёки тушмаслиги номаълум.

Ўзи умуман гуруҳимиздаги ҳолат анча мураккаб. Чунки барча жамоалар ҳам деярли бир хил очко жамғаришган ва улар ичидан аниқ бир фаворитни ажратиш қийин. Айнан эртанги ўйинлар кўп нарсага ойдинлик киритиб беради, – дейди тажрибали мутахассис.

Икром Алибоев:

– Чиндан ҳам бизни олдинда қийин беллашув кутиб турибди. Зеро гуруҳдаги барча жамоалар деярли бир хил очко жамғарган ва ўртадаги фарқ унча катта эмас. Насиб этса, эртага яхши ўйин намойиш этиб, ғалаба қозонишга эришамиз.