“Локомотив” эртага янги футболчиларни таништиради

8 март куни “Локомотив” Ўзбекистон XXVI миллий чемпионатидан ўрин олган дастлабки уй учрашувини ўтказади. Шу куни “темирйўлчилар” ТТЗдаги “Локомотив” стадионида “Сўғдиёна”ни қабул қилишади.

Эртага, 7 март куни эса жамоа янги футболчиларни кенг оммага таништирув маросимини ўтказади. Мазкур тадбир “Локомотив” стадионининг матбуот анжуманлари залида ташкил этилади ва соат 14:30да бошланади.

Янги мавсум олдидан, “Локомотив” сафига етти нафар футболчи келиб қўшилди. Булар – Муҳаммад Коне, Ньоре Кризо, Шуҳрат Муҳаммадиев, Диёр Туропов, Мурод Бобожонов, Саламат Қутибоев ва Жалолиддин Машарипов.

Эртанги тадбирга келувчи журналистлар ўзлари истаган футболчи билан суҳбатлашиш ҳамда суратга тушиш имконига эга бўлишади. “Локомотив” ушбу мавсум ҳисобидан ҳозирча учта ўйинда майдонга тушди ва ОАВ ходимлари янги футболчиларимиз ҳақида қисман бўлса-да тасаввурга эгалар.

Демак, эртага футбол соҳасида фаолият юритаётган барча турдаги ОАВ вакилларини таништирув маросимига таклиф этиб қоламиз.