“Локомотив” профессионал футбол клуби халқимизни Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами билан муборакбод этади. Мустақиллик ҳеч шубҳасиз ҳар бир инсонга берилиши мумкин бўлган энг олий неъматдир!
Бу йил давлатимиз ҳурриятига 25 йил тўлди. Ўтган вақт оралиғида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунёдкорлик йўлида шаҳар ва қишлоқлар замонавий кўриниш олди, жойларда янги ва равон йўллар, кўркам иншоотлар барпо этилди. Халқимиз мустақил бўлгач, ўз она тилига, миллий валютасига ва энг асосийси ўз Конституциясига эга бўлди.
“Локомотив” футбол клубининг бош ҳомийси – “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти томонидан Мустақилликка эришганимиздан сўнг бир қатор ишлар амалга оширилди. Янги йўллар ва янги бекатлар қурилиб фойдаланишга топширилди. “Афросиёб” тезюрар поездининг йўлга қўйилиши, “Қамчиқ” туннелининг очилиши, Тошкент – Андижон йўналиши бўйлаб йўловчи поезднинг қатнаши ҳамда темирйўл соҳасига оид бошқа янгиликлар – буларнинг барчаси айнан Мустақлллик туфайли дея баралла айта оламиз.
Давлатимиз Мустақил бўлгач, спортга бўлган эътибор ошди. Шахсан Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Миллий олимпия қўмитаси ҳамда бошқа бир қатор спорт ташкилотлари ташкил этилди. Ўзбекистон бўйлаб бошқа соҳалар қатори спорт ривож топди. Яқинда бўлиб ўтган Рио-2016 Олимпиадасидаги ютуқлар ҳам айнан Мустақиллик, ёшларга берилаётган имконият туфайлидир.
“Локомотив” футбол клуби ўзи иштирок этаётган барча турнирларда муваффақиятли одимини давом эттиряпти. Насиб қилса, футболчиларимиз мухлисларга совринли ўринларни қўлга киритиш орқали қувонч улашади деган умиддамиз.
Маълумки, бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан “Локомотив” футболчилари халқимизни ўзгача тарзда табриклашни лозим топишди. Қуйидаги суратга эътибор берсангиз, ҳар бир футболчи қўлида биттадан рақам. Пастки қаторда ўтирган тўрттала ўйинчимиз
ҳам 1991 йилда туғилган ва улар 25 ёшни қарши олишди. Булар – Темурхўжа Абдухолиқов, Сардор Мирзаев, Салим Мустафоев ва Бобир Тиллабоев.
Юқори қатордаги футболчиларимиз зса (чапдан бошлаб Шерзод Файзиев, Санжар Шоаҳмедов, Садриддин Абдуллаев, Маъмур Икромов, Икром
Алибоев) 2016 ва #25 ёзувини кўтаришган. Бу эса 2016 йил давом этаётганидан ва Мустақил бўлганимизга 25 йил тўлганидан дарак беради.
“Локомотив” ПФК яна бир бор юртдошларимизни Мустақиллик байрами билан табриклайди. Тинчлигимизга кўз тегмасин, осмонимиз доим мусаффо бўлсин, халқимиз бахтига Юртбошимиз омон бўлсинлар!
“Локомотив” ПФК матбуот хизмати.