Фахрий-у нуронийлар ҳамиша иззатда  

Хабарингиз бор, 2017 йилда нафақат ички мусобақаларда, балки халқаро майдонда ҳам муваффақият қозонишга бел боғлаган “Локомотив” жамоаси янги мавсумда уй учрашувларини бевосита стадиондан кўришни истаган 55 ёшдан катта мухлис-у мухлисаларга “Локомотив” стадионига кириш бепул бўлишини маълум қилган эди.

Мазкур янгилик кенг жамоатчилик вакилларида ижобий таассурот қолдирди. Буни клуб электрон почтасига келаётган хатлар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Жумладан, шундай хатлардан бири Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси томонидан юборилди. Хатда қуйидагича фикр билдириб ўтилган:

 

“Локомотив” футбол клуби мамлакатимиз ва халқаро аренада ўз ўрнига эга жамоадир. Мамлакатимизда миллионлар ўйини бўлган футбол ишқибозларининг сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Ўтказилаётган мамлакат кубоги, осиё ва миллий чемпионатлар кекса ёшдаги фахрийларимизни ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Футбол мусобақаларида ёши улуғ, кекса ёшдаги футбол мухлисларини ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаши ҳамда фаол ҳордиқ чиқаришлари учун стадионга ташрифларини бепул қилингани учун нуронийлар номидан миннатдорчилик билдириб, севимли “Локомотив” жамоасига янги зафарлар тилаймиз”, дейилади хабар матнида.

 

Жамоамиз томонидан амалга оширилаётган бундай лойиҳалар жамоатчилик вакилларига манзур бўлаётганидан мамнунмиз. Шу ўринда таъкидлаб ўтамиз, “Локомотив” ишқибозлари учун мавсумий учрашувларнинг йиллик абонементи ҳам яқин орадан бошлаб сотувга чиқади.