Саламат Қутибоев “Локомотив” билан шартнома имзолади

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси янги мавсум ҳозирликларини давом эттирмоқда. Шу ўринда, “Локомотив” ўз сафини маҳоратли ижрочилар билан тўлдиришда ҳам давом этмоқда.

Қишки трансферлар ойнаси оралиғида “Локо” аллақачон бир неча нафар футболчилар билан шартнома тузишга улгурди. Бугундан эътиборан эса “Локомотив” сафида тўп сурадиган тажрибали ярим ҳимоячилар сони яна бир нафарга кўпайди. Илгари “Бухоро” клуби шарафини ҳимоя қилган ярим ҳимоячи Саламат Қутибоев “Локомотив” аъзосига айланди. Ўзаро келишувга кўра томонлар 2 йилга мўлжалланган шартномага имзо чекишди.

Таъкидлаб ўтамиз, шу пайтга қадар “Локомотив” ўз сафига Мурод Бобожонов, Муҳаммад Коне, Гнохоре Кризо, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Диёр Туропов каби ўйинчиларни қўшиб олган эди.